Сирдарёда антенатал парвариш сифати таҳлил қилинди
Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган антенатал парвариш (туғруқдан олдинги) хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган ўқув-амалий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирлар давомида тиббиёт муассасалари фаолияти таҳлил қилиниб, акушер-гинекологлар, патронаж ҳамширалари ҳамда бошқа тиббиёт ходимларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг Сирдарё вилояти филиали раҳбари Шаҳло Хожаева бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи томонидан ташкил этилган ташрифлар давомида антенатал парвариш хизматларининг сифати, ҳомиладор аёлларни диспансер кузатувига олиш тизими, клиник протоколларга риоя этилиши ҳамда амалий фаолият ҳолати атрофлича ўрганилди.

Ўқув-амалий машғулотларда ҳомиладорликни эрта муддатларда аниқлаш, хавф гуруҳига кирувчи аёлларни ўз вақтида саралаш, самарали диспансер кузатувини ташкил этиш, юқори хавф омилларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш масалалари юзасидан тиббиёт ходимларига амалий тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, тиббий ҳужжатларни юритиш сифати ва профилактик ишлар самарадорлиги ҳам баҳоланди.

— Антенатал парвариш сифати она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳомиладорлик даврида ҳар бир аёлни ўз вақтида тиббий кузатувга олиш, хавф омилларини эрта аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали турли асоратларнинг олдини олиш мумкин. Бугунги ўқув-амалий семинарлар тиббиёт ходимларининг назарий билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, антенатал парвариш хизматларини ягона стандартлар асосида ташкил этишга хизмат қилади. Бу эса ҳудудларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини юксалтириш ва “Соғлом она — соғлом бола” тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг Сирдарё вилояти филиали раҳбари Шаҳло Хожаева.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар ҳамда услубий тавсиялар тақдим этилди.
Шунингдек, Ширин ва Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Сирдарё, Гулистон ҳамда Оқолтин туманларида ташкил этилган ўқув-амалий семинарлар ва тиббий кўриклар давомида 100 нафардан ортиқ ҳомиладор аёл ҳамда репродуктив ёшдаги хотин-қизларнинг саломатлиги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти филиалининг малакали акушер-гинекологлари ва бошқа тор ихтисосликдаги мутахассислар томонидан чуқур ўрганилди.

Тиббий кўриклар натижасида соғлиғида жиддий муаммолар аниқланган ҳомиладор аёллар қўшимча текширув ва даволаниш учун ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўналтирилди. Қолган ҳомиладор аёлларга эса соғлом ҳомиладорликни таъминлаш, тўғри овқатланиш, хавф омилларининг олдини олиш ҳамда мунтазам тиббий кузатувдан ўтиш бўйича амалий тавсия ва зарур кўрсатмалар берилди.
Энг муҳими, мазкур тадбирлар бир марталик акция эмас. Вилоятда антенатал парвариш хизматлари сифатини янада такомиллаштириш, ҳомиладор аёлларни сифатли тиббий кузатув билан қамраб олиш ҳамда она ва бола саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган бу каби ўқув-амалий семинарлар ва тиббий ўрганишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири