4 минг 301 та ностандарт газ жиҳозлари аниқланган
Мамлакатимизда ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия ресурсларини тежаш ва соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ахбороти эшитилди. Унда ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда беҳуда сарфланишнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, истеъмолчилар томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан Инспекция томонидан жойларда 11 минг 374 та профилактика тадбири ўтказилган. Ўрганишлар давомида 4 минг 301 та ностандарт газ жиҳозлари аниқланиб, уларнинг стандарт газ жиҳозларига алмаштирилиши таъминланган. Бунинг натижасида 2 348,1 минг м3 табиий газ иқтисод қилинган.

Шунингдек, 1 минг 641 та объектдаги қурилмалар тегишли кўриклардан ўтказилган. Аниқланган масалаларнинг аксарияти бартараф этилиши натижасида эса 308 та авариянинг олди олинган, қурилма ва тармоқлардаги 1,05 млн. кВт технологик йўқотишлар камайтирилишига эришилган.
Эшитув давомида соҳага оид ҳужжатлар ижроси, энергия ресурсларини ҳисобга олиш ва улардан оқилона фойдаланиш тизими, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда масъул идоралар фаолиятининг натижадорлиги атрофлича муҳокама қилинди. Тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш зарурлиги айтилиб, бу бўйича амалий чоралар, қонунчиликни янада такомиллаштиришга доир таклифлар кўриб чиқилди.
М.Комилова,
ЎзА