Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Учрашувда "Ёшлар 1+1 дастури”, касбга ўқитиш, ўзини-ўзи банд қилиш ва бошқа мурожаатлар бўйича батафсил ахборот берилди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамалаш йили” ва Президентимизнинг I Республика "Ёшлар форуми”да сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ширин шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилот раҳбарлари Нуробод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи уюшмаган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг ер ажратиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли банк кредит ва субсидия маблағлари ажратилиши юзасидан мурожаатларни тинглади.
Учрашувда "Ёшлар 1+1 дастури”, касбга ўқитиш, ўзини-ўзи банд қилиш ва бошқа мурожаатлар бўйича батафсил ахборот берилди.
Учрашув якунида қатнашганлар мурожаатларининг асосий қисми шу жойнинг ўзида ечимини топган бўлса, “Ёшлар дафтари”га киритилган 3 нафар ёш ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди, 1 нафарига иссиқхона ташкил қилиш учун субсидия ажратилди. 2 нафар иштирокчи томонидан билдирилган мурожаат юзасидан мутасадди раҳбарларга вазифа юклатиб, ижросини таъминлаш борасида алоҳида назоратга олинди.
* * *
Сирдарё вилояти ҳокимигида наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат томонидан “Аҳолининг кенг қатлами, шу жумладан, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи препаратларнинг истеъмоли ҳамда ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, ОИТС га қарши курашиш бўйича 2021 йилга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги режа ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
[gallery-1417]
Йиғилиш кун тартибида жамиятимизда муҳим бўлган, аҳоли, айниқса, ёшларни турли зарарли иллатлардан асраб-авайлаш, аҳоли ўртасида наркотик моддалар тарқалишининг олдини олиш ва улар ўртасида гиёхвандликка қарши курашишда ҳамкорлик чораларини янада кучайтирилишининг долзарблиги, ёшлар тарбиясини тўғри ташкил этиш, уларни турли зарарли одатлардан ҳимоя қилишда якдиллик ва ҳамкорликнинг кенгайтирилиши борасида чора-тадбирлар белгилаб олинди.
* * *
Нукус шаҳрида 2006 йилда таваллуд топган болалар ўртасида футзал бўйича ўтган “Спорт мактаблари футбол лигаси” беллашувларида иштирок этган Сирдарё вилояти ёш футзалчилари муваффақиятли иштирок этиб қайтди.
Бу ҳақда Мирзаобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ихтисослашган ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатлари тарбияланувчилари ўртасидаги Ўзбекистон биринчилигида Мирзаобод туман БЎСМ ёш футзалчилар жамоаси 2-ўринни қўлга киритди.
Совриндор ёш футзалчилар туман ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бўлими ва ишқибозлар томонидан тантанали кутиб олинди.
* * *
Боёвут туманида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб аёллар ўртасида спортни кенг тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида мактабгача таълим бўлими, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ва тарбиячилари ўртасида спортнинг шахмат, шашка, 100 метрга югуруш, узунликка сакраш турлари бўйича “Аёллар спортакиадаси” ташкил этилди.
Спорт мусобақаларида жами 125 нафар тумандаги МТТларида фаолият юритаётган аёллар иштирок этди.
Тадбир якунида ғолиблар таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси бўлими томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
* * *
Сардоба туманидаги марказий стадионида “Ёш қутқарувчилар” спорт мусобақасида ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабларидан ташкил топган, ҳар бирида 6 нафардан иштирокчи билан жами 10 та “Ёш қутқарувчилар” жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақанинг асосий мақсади фавқулодда вазиятлар чоғида тўғри ҳаракт қилиш, жабрланганларни қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда тезкорлик ва аниқлик даражасини амалда синаб кўришдан иборат.
Мусобақанинг умумий натижаларига кўра: 1-ўринни тумандаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Ёш қутқаручилар”и қўлга киритиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. 2-ўрин 7-сонли ва 3-ўрин эса 4-сонли умумий ўрта таълим мактаб жамоалари ўқувчиларига насиб этди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг туман бўлими, туман халқ таълими бўлимининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат) ЎзА