Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
"Раҳбар ва ёшлар" учрашуви
Жойларда ўтказилаётган “Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг орзу-истаклари, муаммо ва таклифларини ўрганишда муҳим омил бўлмоқда.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторовнинг юридик техникум ўқувчилари билан учрашуви ҳам ана шу эзгу мақсадлар учун хизмат қилди.
Тадбирда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қобилият ва салоҳиятини намоён қилиши учун яратилган шароит ва имкониятлар, юридик кадрларни тайёрлаш борасидаги ислоҳотлар хусусида сўз борди. Ёшларнинг муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Ёшлар етакчиларига компьютер жамланмалари топширилди

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Ш.Зайниддинов, Гулистон тумани ҳокими С.Бегимқулов ва сектор раҳбарлари томонидан 25 та маҳаллада фаолият олиб бораётган ёшлар етакчиларининг иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида уларга замонавий компьютер жамланмалари топширилди.
Ёш ислоҳотчилар учун яратиб берилаётган бу имконият маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш сифатини янада ошириш, кўзланган вазифаларни муваффақиятли бажаришга хизмат қилади.
"Меҳр Сирдарё"
Сирдарё туманида "Меҳр Сирдарё" хайрия фонди рўйхатидаги етим болаларга саховатпеша тадбиркор аёллар томонидан ифторлик дастурхони ёзилди.

"Меҳр Сирдарё" хайрия фонди отасидан айрилган етим болаларга саховатпеша инсонлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиб келади. Айни пайтда фонд 350 дан ортиқ болалар ҳолидан мунтазам хабар олмоқда.
“Нексия-3” портлади
Янгиер шаҳри А.Жомий МФЙ Пахтакор кўчасида жойлашган "Ватанпарвар" ташкилоти биноси рўпарасида қолдирилган, 1994 йилда туғилган Б.Қ.га тегишли "Нексия-3" русумли автомобилнинг газ баллонида ёрилиш содир бўлган. Натижада, "Нексия-3" буткул яроқсиз ҳолга келган ва ёнидаги 2 та автотранспорт воситаларига техник зарар етган.

Ҳодиса натижасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ.
Ҳозирда вилоят ФВБ ва ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ноқонуний балиқ овчилари аниқланди

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Боёвут туман ва Ширин шаҳар бўлими, вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходимлари томонидан Боёвут тумани ҳуддудида тезкор рейд тадбирлари ўтказилди.
Унда туман ҳудудидан ўтган "Жанубий Мирзачўл" каналидан фуқаролар Д.К. ва Ж.Р. балиқ тутиш учун тақиқланган ов қуроли электр қармоқ ёрдамида бир турдаги 38 дона товонбалиқни ноқонуний овлаганлик ҳолати аниқланди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик юзасидан қонуний чораларни кўриш мақсадида суд органига юбориш учун тегишли тартибда қонуний ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 15 300 000 сўм ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори белгиланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА