Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан Воҳид Худойқулов Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Воҳид Худойқулов 2012 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг бакалавриат босқичини, 2015 йилда эса магистратура дастурини муваффақиятли тамомлаган.
Фаолияти давомида у бир қатор тиббий муассасаларда малакали мутахассис сифатида меҳнат қилган. Хусусан, Каттақўрғон шаҳар туғуруқ мажмуасида акушер-гинеколог, Самарқанд шаҳар 2-сон туғуруқ мажмуасида шифокор, шунингдек, Самарқанд шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникасида акушер-гинеколог сифатида фаолият юритган.
Шу билан бирга, В. Худойқулов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлим бошлиғи, Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиника мудири лавозимларида ҳам самарали ишлаган.
Тайинловга қадар у Каттақўрғон туман соғлиқни сақлаш бўлимининг бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири