Қуёш энергетикаси: бугунги имкониятлар ва эртанги масъулият
Қуёш панеллари ҳақида гап кетганда, аввало, унинг қанча электр энергияси ишлаб чиқариши, қанча табиий газни тежаши ёки атмосферага чиқариладиган зарарли газларни қанчалик камайтириши ҳақида ўйлаймиз. Аммо бугун ўрнатилаётган ҳар бир қуёш панели билан бирга келажак учун яна бир савол ҳам пайдо бўлмоқда: 25-30 йилдан кейин бу панеллар билан нима қиламиз?
Бир қарашда бу узоқ келажак масаласидек туюлади. Аслида эса унинг жавоби бугундан шаклланмоқда. Қуёш энергетикасининг жадал ривожланиши нафақат янги электр қувватларини, балки келажакда фойдаланишдан чиқадиган катта ҳажмдаги материаллар оқимини ҳам вужудга келтирмоқда. Бугун электр энергияси ишлаб чиқараётган панель бир неча ўн йилдан сўнг иқтисодиётга қайтарилиши мумкин бўлган шиша, алюминий, кремний, мис ва кумуш манбаига айланади.
Шу нуқтаи назардан, масалани фақат “эски панелларни қаерга ташлаймиз?” деган савол билан чеклаш тўғри эмас. Асосий савол бошқача: бугун яратилаётган қуёш энергетикаси инфратузилмасини эртага чиқиндига айлантирмасдан, унинг таркибидаги материалларни қайта иқтисодий айланмага кирита оламизми? Бу – ресурслардан оқилона фойдаланиш, келажак хомашё таъминоти ва қуёш энергетикасининг ҳақиқий барқарорлиги масаласидир.
Дунё мамлакатлари бу савол билан аллақачон юзма-юз келмоқда. 2024 йил охирига келиб жаҳонда ўрнатилган фотоэлектрик қувватлар 2260 ГВтдан ошди, уларнинг қарийб ярми сўнгги уч йил ичида ишга туширилган. IRENA ва IEA-PVPSнинг дастлабки глобал баҳолашларида 2050 йилга бориб фойдаланишдан чиққан қуёш панеллари ҳажми 60–78 млн тоннага етиши мумкинлиги ҳисобланган. Кейинги йилларда қуёш энергетикаси янада тез ривожланаётгани масаланинг кўлами ортиб боришини кўрсатмоқда.
Аввало, бир тушунчага аниқлик киритиш зарур. Қуёш панели 25 йил ишлаган куниёқ чиқиндига айланмайди. Кўп тилга олинадиган 25–30 йиллик муддат одатда, панелнинг кафолатланган иш кўрсаткичлари ёки лойиҳанинг ҳисобий хизмат даври билан боғлиқ. Модуллар вақт ўтиши билан аста-секин қувват йўқотади, аммо техник ҳолати яхши бўлса, белгиланган муддатдан кейин ҳам электр энергияси ишлаб чиқаришда давом этиши мумкин. Демак, “хизмат муддати тугади” ва “фойдаланиш учун яроқсиз” бир хил тушунча эмас.
Фойдаланишдан чиққан панелнинг ўзи ҳам оддий чиқинди эмас. Замонавий кристалл кремнийли фотоэлектрик модуль массасининг тахминан 77 фоизини шиша, қарийб 10 фоизини алюминий, 3 фоизга яқинини кремний ташкил этади, мис, кумуш ва қалай каби металлар улуши эса бир фоиздан ҳам кам. Аммо материалнинг массаси билан унинг иқтисодий қиймати бир нарса эмас: айрим металлар жуда оз миқдорда бўлса-да, уларни қайта ажратиб олиш ресурс нуқтаи назаридан муҳим.
Ўзбекистон учун бу масала айниқса долзарб. 2026 йил июль ойи ҳолатига мамлакатдаги 15 та йирик қуёш электр станциясининг умумий қуввати 3930 МВтга етган. Аммо мамлакат қуёш энергетикаси фақат йирик станциялардан иборат эмас: Жорий йил апрель ойида аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий объектларда ўрнатилган кичик қувватли қуёш қурилмаларининг умумий қуввати 2114 МВтни ташкил этган. Демак, келажакдаги фотоэлектрик модуллар оқимини баҳолашда йирик станциялар билан бир қаторда тарқоқ ҳолда ўрнатилган кичик тизимларни ҳам ҳисобга олиш зарур.
Бугун ўрнатилаётган панелларнинг катта қисми яқин йилларда чиқиндига айланмайди. Аммо ҳозирги ўсиш сақланиб қолса, келгуси ўн йилликларда фойдаланишдан чиқадиган модуллар оқими ҳам ортиб боради. Шунинг учун ўлкамиз учун асосий савол келажакда қанча панель чиқиндига айланишида эмас, балки улар оммавий равишда хизматдан чиқа бошламасидан олдин қандай тизим яратишимизда.
Қуёш панелининг ҳаёт цикли охирига етганда унинг олдида фақат қайта ишлаш йўли турмайди. Техник ҳолати сақланган модуль қайта фойдаланилиши, таъмирланиши ёки бошқа шароитда “иккинчи ҳаёт” олиши мумкин. Фақат кейинги фойдаланиш техник ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган модуллар қайта ишлаш босқичига ўтиши керак. Айланма иқтисодиётнинг мақсади ҳам маҳсулот ва унинг таркибидаги материалларни иқтисодий айланмада имкон қадар узоқ сақлаб қолишдан иборат.
Бироқ панель таркибида қимматли материаллар борлиги уни қайта ишлаш автоматик равишда иқтисодий фойдали бўлади, дегани эмас. Асосий массани нисбатан арзон шиша ва алюминий ташкил этади, қимматлироқ кремний, мис ва кумуш эса кам миқдорда учрайди. Уларни юқори тозаликда ажратиб олиш йиғиш ва қисмларга ажратиш мураккаб технологик жараёнларни талаб этади. Шу боис, бугун соҳадаги асосий муаммолардан бири қайта ишлашнинг иқтисодий самарадорлигидир.
Жаҳон тажрибаси бу йўналишда технологиянинг қандай тез ўзгараётганини кўрсатади. Францияда фотоэлектрик панелларни қайта ишлашга ихтисослашган дастлабки саноат линияларидан бирида материалларнинг қарийб 95 фоизини ажратиб олишга эришилган: шиша яна шиша саноатига, алюминий металлургияга, мис эса қайта ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Бугун Франциянинг ROSI корхонаси яна бир босқичга ўтиб, панеллардан юқори тозаликдаги кремний, кумуш ва мисни ажратиб олиш технологияларини саноат миқёсида қўлламоқда. АҚШнинг First Solar компанияси эса ўз модуллари учун ёпиқ айланмага яқин моделни йўлга қўйган: қайта ишлаш жараёнида модуль материалларининг 90 фоиздан ортиғи қайта фойдаланиш учун қайтарилади, яримўтказгич материалнинг катта қисми эса янги панеллар ишлаб чиқариш занжирига қайта киритилади. Демак, келажакда рақобат фақат қанча чиқинди қайта ишлангани эмас, материалнинг қиймати қай даражада сақлаб қолингани билан ҳам белгиланади.
Шу нуқтаи назардан, фойдаланишдан чиққан модуллар келажакда икки хил мақомга эга бўлиши мумкин: бошқарилиши керак бўлган чиқинди ёки саноатга қайтариладиган иккиламчи хомашё манбаи. Материалларни шунчаки ажратиб олиш эмас, балки уларни юқори қийматли ишлаб чиқариш занжирларига қайта киритиш муҳим. Қайси йўл устун келиши технология, инфратузилма ва иқтисодий механизмларга боғлиқ.
Ўзбекистон нимадан бошлаши керак? Бугуннинг ўзида йирик қайта ишлаш заводларини қуриш масаланинг ягона ечими эмас. Бундай корхонанинг самарадорлиги барқарор хомашё оқими, логистика харажатлари, панелларнинг таркиби ва ажратиб олинган материалларга бўлган талабга боғлиқ. Шунинг учун биринчи қадам заводдан эмас, маълумотдан бошланиши керак.
Мамлакатда ўрнатилаётган фотоэлектрик модулларнинг қуввати ва сони билан бирга уларнинг тури, ишга туширилган йили, жойлашуви ва кутилаётган хизмат даври ҳақидаги маълумотларни тизимли шакллантириш зарур. Бу келажакда қанча модуль, қайси ҳудудда ва қачон фойдаланишдан чиқишини баҳолаш, йиғиш пунктлари, логистика йўналишлари ва қайта ишлаш қувватларини илмий асосда режалаштириш имконини беради.
Бунда келажак оқимини ўрнатилган қувватни шунчаки 25 йилга силжитиш орқали ҳисоблаб бўлмайди. Панелларнинг бир қисми узоқроқ ишлайди, айримлари эса шикастланиш, техник носозлик, табиий таъсирлар ёки иқтисодий сабабларга кўра эртароқ алмаштирилиши мумкин. Шу боис, прогнозларда деградация, ишдан чиқиш эҳтимоли, иқлим шароити ва технологияларнинг янгиланиш суръати ҳам ҳисобга олиниши зарур.
Масъулият масаласида эса Ўзбекистонни “нолдан бошлаяпти”, деб бўлмайди. Йирик қуёш электр станцияларини давлат-хусусий шериклик ва инвестиция лойиҳалари асосида амалга оширишда ускуналарни эксплуатациядан чиқариш ва утилизация қилиш билан боғлиқ мажбуриятлар, асосан, инвестор ёки лойиҳа компанияси зиммасига юкланади. Муаммонинг янги қисми бошқа жойда: аҳоли, тадбиркорлар ва кичик объектларда тарқоқ ҳолда ўрнатилаётган юз минглаб панеллар келажакда ким томонидан йиғилади, техник ҳолати қандай баҳоланади ва қайта фойдаланиш ёки қайта ишлашга қандай йўналтирилади? Демак, асосий вазифа йирик лойиҳалар учун мавжуд механизмларни такрорлаш эмас, балки кичик қуёш қурилмаларини ҳам қамраб оладиган ягона ҳисоб, йиғиш ва кейинги бошқарув тизимини шакллантиришдир.
Келажакдаги муаммони фақат хизматдан чиққан панеллар билан ишлаш орқали ҳал этиб бўлмайди, албатта. Агар модуль конструкцияси қисмларга осон ажратиладиган ва қимматли компонентларни юқори сифатда қайтариб олиш имконини берадиган тарзда лойиҳаланса, унинг ҳаёт цикли охиридаги харажат ва экологик таъсир камаяди. Бинобарин, келажак панели фақат самарали, арзон ва узоқ хизмат қиладиган эмас, балки кейинги тақдири ҳам лойиҳалаш босқичида ҳисобга олинган маҳсулот бўлиши керак.
Қуёш электр станцияси ишлаётган вақтда ёқилғи ёқмайди. Аммо технологиянинг экологик барқарорлигини фақат шу босқич билан баҳолаш етарли эмас. Хомашё қазиб олиш, материалларни қайта ишлаш, модуль ишлаб чиқариш ва ташишдан тортиб, хизмат муддати тугагандан кейинги жараёнларгача бўлган бутун ҳаёт цикли ҳисобга олиниши керак. Ўзбекистонда энергетик ўтишнинг кейинги босқичи ҳам айнан шундай ёндашувни талаб этади.
Шу боис, 25 йил кутиш шарт эмас. Фойдаланишдан чиққан панеллар оқими ҳали катта ҳажмга етмаган бугунги даврда ҳисоб ва прогноз тизимини шакллантириш, қайта фойдаланиш ва қайта ишлаш мезонларини белгилаш, иқтисодий мақбул технологиялар ҳамда масъулият механизмларини ишлаб чиқиш имконияти бор. Бу жараён энергетика, саноат, экология ва илм-фаннинг алоҳида вазифалари эмас, ягона тизимнинг таркибий қисмлари сифатида қаралиши лозим.
Бунда миллий илмий салоҳиятнинг ўрни алоҳида. Республикасиз шароитида панелларнинг ҳақиқий хизмат даври, юқори ҳарорат, чангланиш ва бошқа иқлим омилларининг деградацияга таъсири, турли технологияларнинг ишдан чиқиш хусусиятлари, келажакдаги материаллар оқими ва қайта ишлашнинг иқтисодий самарадорлиги бўйича ўз маълумотларимизга таянган тадқиқотлар зарур. Бошқа давлатларда олинган натижаларни миллий шароитни ҳисобга олмасдан тўғридан-тўғри қўллаш ҳар доим ҳам тўғри хулоса бермайди.
Қуёш энергетикасининг ҳақиқий барқарорлиги фақат қанча “яшил” электр энергияси ишлаб чиқарилгани билан ўлчанмайди. Бу ерда яна бир муҳим мезон мавжуд – технология ўз вазифасини бажариб бўлгандан кейин бизга қандай мерос қолдиради? Айтайлик, йигирма беш йилдан кейин бугунги қуёш панелларининг бир қисми ҳали электр энергияси ишлаб чиқараётган, бошқа қисми “иккинчи ҳаёт” олган, яна бир қисми эса фойдаланишдан чиққан бўлади. Уларнинг қай бири чиқиндига, қай бири иқтисодиёт учун ресурсга айланиши эса кўп жиҳатдан бугун қабул қилинаётган қарорлар билан белгиланади.
Наргиза Далмурадова,
ТДТУ доценти,
техника фанлари бўйича фалсафа доктори