Сирдарё тажрибаси ўрганилди
Сирдарё вилояти Сирдарё туманида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини оширишга қаратилган республика семинари ўтказилди. Унда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари А.Мусаев, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Умаровлар иштирок этди.
Тадбирда Президентимизнинг 2024 йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида белгилаб берилган вазифалар, “Камбағалликдан фаровонлик сари” Давлат дастурининг ижроси бўйича фикр алмашилди. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларда мева-сабзавот етиштириш, кичик ўлчамли иссиқхоналар ташкил этиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчиликни ривожлантириш орқали иш ўринлари яратиш ишлари муҳокама этилди.

Семинар қатнашчилари дастлаб томорқа ва ижара ерлардан фойдаланиш бўйича катта тажрибага эга Сирдарё туманидаги "Қуёш" маҳалласи аҳолисининг иш фаолияти билан танишди.
– Маҳалламиздаги 970 та хонадонда иссиқхоналар ташкил этилган, – дейди ҳоким ёрдамчиси Тўлқин Джангиров. – Эътиборли жиҳати аҳоли хонадонларида марказлашган ҳолда помидор, бодринг, кўкат ва бошқа экин турлари етиштирилади. Бунинг ҳисобига ўтган йили МДҲ давлатларига 45 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Бундан ташқари, аҳоли чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик билан ҳам шуғулланади. Иш қидириб хорижга ёки бошқа жойларга кетган ёшлар йўқ. Чунки ишлайман, даромад топаман деган кишига маҳалламизда барча шароитлар мавжуд. Маҳалланинг бу жиҳати семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари Фурқат маҳалласида "Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Қуёш ва Фурқат маҳаллаларида томорқадан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.
–“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган лойиҳалар маҳалла иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринлари яратиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди Мирзаобод тумани "Тинчлик" маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Дилшод Бекмуродов. – Бу ташаббус нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу тажрибадан фойдаланиб ўзимизни маҳаллада ҳам томорқадан унумли фойдаланиш бўйича бир қатор лойиҳаларни жорий этишни режалаштирдик.

Куннинг иккинчи яримида семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳудуддаги "Олға бос" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, томорқа ер эгаларининг фаолиятини ўрганишди. Олға маҳалласида яшовчи Абдували Мусаев томорқадан унумли фойдаланиш ҳаддисини олган миришкорлардан.
– Кўп йиллардан буён эртанги сабзи ва картошка етиштириш билан шуғулланаман, – дейди Абдували Мусаев. – Бунда плёнка қопламасидан фойдаланаман. Кўриб турганингиздек бу ўз натижасини беряпти. Ютуқли томони маҳсулотимиз 2-3 ҳафта илгари тайёр бўлади. Бунинг ҳисобига очиқ майдондан ҳам йилига 3 маротаба ҳосил оламан. Шунга яраша даромад ҳам яхши.

Бир сўз билан айтганда, “Камбағалликдан фаровонлик сари” Давлат дастури доирасида Сирдарё вилоятининг Сирдарё ва Сайхунобод туманларида ўтказилган республика семинари ҳар томонлама фойдали бўлди. Энг асосийси, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ишни ташкил этган бободеҳқонларнинг иш услубларини оммалаштириш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллий маҳсулотлар орқали аҳоли даромадини оширишга қаратилган ишларни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди, маслаҳат ва тавсиялар берилди. Семинар давомида муҳокама этилган масалалар юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири