Сирдарё мактаблари ўқувчиларни ўз бағрига чорлади
Бугун Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ва “Мустақиллик дарслари” билан янги ўқув йили бошланди.
Вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев Сирдарё туманидаги 31-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда қатнашди ва ўқувчи-ёшларни Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги, янги ўқув йили билан табриклади.

Вилоятдаги 314 та умумтаълим мактабида 158 361 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Шунингдек, 2503 нафар ўқувчи-ёш Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 9 та ихтисослашган мактабда янги ўқув йилини бошлади. Умумтаълим мактабларининг биринчи синфига қабул қилинган 16 833 нафар ўқувчига 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди.

Жорий йилда вилоятда Инвестиция дастури асосида 8 та, Жаҳон банкининг “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” дастури доирасида 6 та мактаб, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 29 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА