Сирдарё–Хитой ҳамкорлиги янги босқичда
Сирдарё вилояти делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, вилоят ривожи учун янги истиқболларни очди. Вилоят ҳокими ўринбосари Шоҳруҳ Исақулов раҳбарлигидаги делегация ташриф давомида энергетика, саноат, инвестиция ва туризм соҳаларида қатор муҳим музокаралар ўтказди ва амалий келишувларга эришди.
Сафар Шенчжен шаҳридаги “National Energy Group Capital Holding Co., Ltd.” компанияси раҳбарияти билан учрашувдан бошланди. Унда Сирдарё вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, хусусан, каналлар бўйлаб кичик гидроэлектр станциялари, шамол турбиналари ва қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Экологик барқарорлик ва энергия самарадорлиги масалалари ташриф кун тартибининг энг муҳим мавзуларига айланди.

Шунингдек, делегация “Tus-Holdings Co., Ltd.” компанияси билан ҳам учрашув ўтказди. Музокараларда Сирдарёда технопарклар ташкил этиш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда саноатлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар икки томон Сирдарё вилоятига юқори технологияли инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олди.

Донггуан шаҳрида эса “Derucci” компанияси билан музокаралар самарали ўтди. Унда Сирдарёда мебелсозлик кластерини яратиш, маҳаллийлаштириш жараёнини йўлга қўйиш ва давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёзлар орқали маҳсулот таннархини 30–40 фоизгача камайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Музокаралар якунида компания вакилларининг вилоятга ташрифи режалаштирилди.

Шунингдек, “Сирдарёда бизнес қилинг” шиори остида Донггуан шаҳрида ташкил этилган кенг қамровли бизнес-форумда 30 дан ортиқ Хитой компаниялари, “Донггуан иқтисодий ривожланиш бюроси”, мебелсозлик ва туризм соҳасидаги йирик ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Форум давомида Сирдарё вилоятининг сармоядорлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, преференциялар ва туризм салоҳияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Сафар якунида “Expert Investment Support” МЧЖ ҳамда Хитойнинг “Dongguan Nancheng Qiganti AI Technology Center” компаниялари ўртасида Ўзбекистон–Донггуан савдо ваколатхонасини очиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ваколатхона икки ҳудуд ўртасидаги савдо, инвестиция ва илмий-техник ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Сафар натижалари ҳақида Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов ўз фикрларини қуйдагича изоҳлади:
– Хитойга амалга оширилган ушбу ташриф вилоятимиз учун янги имкониятлар эшигини очди. Биз нафақат халқаро тажриба алмашдик, балки аниқ амалий лойиҳалар бўйича келишувларга ҳам эришдик. Хитой компаниялари томонидан вилоятимиз салоҳиятига билдирилган қизиқиш катта рағбат уйғотди. Биз бу ҳамкорликни амалий натижаларга айлантиришга интиламиз.
Шубҳасиз, ушбу ташриф Сирдарёнинг глобал иқтисодий майдондаги иштирокини мустаҳкамлаш ва ҳудудда юқори технологиялар, қайта тикланувчи энергия ҳамда замонавий саноатни ривожлантириш йўлидаги муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири