Сирдарёга навбатдаги кўмак карвони юборилди
Меҳр-оқибат, бир-бирини қўллаб-қувватлаш халқимизга хос анъаналардир.
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборидан сув сизиб чиқиши туфайли юзага келган тошқин натижасида жабрланган фуқаролар учун андижонликлар томонидан иккинчи маротаба инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан коронавирус инфекцияси туфайли жорий этилган карантин шароитида бўлишига қарамай, андижонликлар фавқулодда ҳодиса юз бериб, Сардоба сув омборидан сув сизиб чиқиши натижасида қийинчиликка дуч келган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Сирдарё вилоятига озиқ-овқат ҳамда кийим-кечак маҳсулотлари юбориш ишлари ташкил этилмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан тошқиндан талофат кўрган сирдарёликлар учун озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат махсулотлари, кийим кечаклар, санитар-гигиеник ҳамда тиббий воситалар, бирламчи эҳтиёж учун зарур бўлган анжомлар иборат 17 та юк машинасига орттилган, умумий қиймати 4 миллиард сўм миқдоридаги навбатдаги инсонпарварлик кўмаги кеча оқшом жўнаб кетди.
Меҳр-оқибат, бир-бирини қўллаб-қувватлаш халқимизга хос анъаналардир. Сирдарёлик юртдошларимиз бошига тушган ушбу оғир кунларда уларни қўллаб-қувватлашдек хайрли ишлардан андижонликлар асло четда турмайди.