Сирдарёда Сенатор ва ёшлар учрашди
Гулистон давлат университетида “Сенатор ва ёшлар” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.
Гулистон давлат университетида “Сенатор ва ёшлар” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда партия вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сенати аъзолари ва депутатлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши аъзолари, вилоят адлия бошқармаси, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда, сайлов жараёнларига тайёргарлик ишлари қизғин паллага кираётган бугунги кунда ёшларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини тарғиб қилиш, янги қабул қилинаётган қонунлар билан таништириш, энг муҳими, бу борада ёшларнинг фаоллигини, билимини ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
– Президентимиз томонидан ёшлар сиёсати бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар самарадорлиги, ёшларга оид қабул қилинган қонун ва қарорлар, яратилаётган бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш ёшларимиз олдидаги долзарб вазифалардан биридир, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар спорти ва маданияти бўйича қўмита аъзоси Арипжон Қудратов. – Тўғри, бугунги ёшларимиз орасида ҳам илғор ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ, эртанги кунимиз истиқболи учун ёшлар тарафидан янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқиш ва уни кўрсатиш сустлигича қолмоқда.
Дарҳақиқат, 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлигига ҳали кўп вақт ўтмай шу кунгача мазкур қонун доирасида тўқсондан ортиқ қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу ўта муҳим ҳужжатлар замирида юртимиз эгалари бўлган ёшлар манфаати тўлиқ акс этганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Тадбирда, мамлакатимиз ва дунё ҳамжамиятида бўлаётган воқеаларга реал ва очиқ нигоҳ ташланган ҳолда ёшларнинг яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланмаётгани, ёшларимиз ҳуқуқий маданият борасида орқада қолаётгани, уларга ташаббускорлик етишмаётгани танқид қилинди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда партиянинг вилоят кенгаши раис ўринбосари Валижон Тўйчиев, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуриддинов, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раис ўринбосари Мурод Ҳайитов ҳамда университет ўқитувчи ва талаба-ёшлари бугунги учрашув ва унда кўтарилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.