Сирдарёда коронавирус инфекцияси йўқ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Хитой Халқ Республикаси ва дунёнинг бир қатор давлатларида одамлар ўртасида коронавирус инфекциясининг янги типи бўйича мураккаб эпидемик вазият сақланиб қолмоқда. Лекин Сирдарё вилояти аҳолиси орасида коронавирус инфекцияси қайд этилмади, дея хабар берди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 18 февралдаги топшириғи ва Сирдарё вилояти ҳокимининг 2020 йил 31 январдаги 38-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида тегишли эпидемиологик чора-тадбирларни олиб бормоқда.
Вилоят ҳудудига “СОVID-19” – коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида тегишли муассасалар мутахассисларидан иборат эпидемияга қарши штаби ташкил этилди.
Вилоят ҳудудига юқумли касалликларни четдан кириб келишини олдини олиш ва профилактик тадбирларни ўз вақтида ўтказиш мақсадида, вилоятнинг Қозоғистон давлати билан чегарадош бўлган Сирдарё туманидаги “Сирдарё” ва “Малек”, “Оқолтин” ҳамда Тожикистон давлати билан чегарадош Ховос туманидаги “Ховособод” божхона постларида санитария-назорат пунктлари ташкил этилган бўлиб, ушбу пунктларга малакали тиббиёт ходимлар бириктирилган.
– Вилоятимиз ҳудудига ўткир респиратор ва грипп, ўта хавфли юқумли ҳамда коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида Давлат чегарасидаги санитария-карантин пунктларидан ўтаётган ва ҳаво йўллари орқали нохуш эпидемик давлатлардан кириб келаётган фуқароларни айниқса Корея давлати ва Хитой Халқ Республикасидан келаётганларни тиббий-санитария кўригидан сифатли ўтказилиб, уларни 14 кун давомида халқаро санитария-эпидемиология талаблари асосида қатъий тиббий назоратга олганмиз, – дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев. – Шу кунгача, вилоятга жами 122 нафар фуқаролар Хитой Халқ Республикасидан кириб келган, шулардан 41 нафари вилоятимизда истиқомат қилувчи Ўзбекистон, 81 нафари Хитой Халқ Республикасининг фуқаролари ташкил этади.
Ушбу фуқароларнинг барчаси 14 кунлик тиббий назоратга олинган бўлиб, шундан 95 нафар фуқаронинг тиббий кузатуви якунланган ва шифокорлар томонидан соғлом деб топилган. 27 нафари учун тиббий кузатув давом эттирмоқда.
Бундан ташқари, шу давр якунига қадар тана ҳарорати кўтарилган ёки бошқа касаллик аломатлари юзага келганда, зудлик билан уларни алоҳидалаш, вирусологик лаборатория текширувидан ўтказиш ҳамда даволаш ишларини халқаро стандартлари бўйича олиб бориш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан коронавирус инфекциясини вилоятга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида 2 минг 393 килограмм гипохлорид кальций, 52 та махсус кийим-бош, 35 дона зарарсизлантириш воситалари, 5 минг дона ниқоб захираси яратилди.
Вилоят божхона постларидаги санитария-назорат пунктларига вилоятга кириб келаётган фуқароларни ҳароратини ўлчаш учун замонавий 5 дона пирометрлар харид қилинди ҳамда Сирдарё туманидаги “Сирдарё” санитария-назорат постига тепловизор ўрнатилди.
Шунингдек, вилоятдаги барча деҳқон бозорлари, автошоҳбекатлар, 256 та умумтаълим мактаби ва 142 та мактабгача таълим ташкилотида коронавирус инфекциясига қарши дезинфекция ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Вилоят аҳолиси орасида, даволаш профилактика ва таълим муассасаларида ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида, коронавирус инфекциясини олдини олиш юзасидан кенг кўламда санитария-тарғибот ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
– Айни пайтда, вилоят бўйича 130 шифо ўрин захираси яратилган, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акбархон Мирзахонов. – Шулардан, вилоят юқумлим касалликлар шифохонасида 40 ўрин, Гулистон шаҳри ва Мирзаобод туманидан ташқари қолган 9 туман ва шаҳарларда 10 тадан шифо ўринлари захираси ташкил этилди.
– Жорий йилнинг 15-16 март ҳолатига жами 14 нафар, бошқа вилоятларда истиқомат қилувчи Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтаётган чоғларида ҳамда Сирдарё вилояти яшовчиларда тана ҳароратининг кўтарилиши, ич кетиши, бурун оқиши, кучли йўтал ва бошқа симптомлар борлиги аниқланган фуқаролар вилоят юқимли касалликлар шифохонасига ҳамда беморларда шундай ҳолат аниқланган ҳудудлардаги туман ва шаҳар марказий шифохоналарига ётқазилиб, алоҳидалаштирилди (изоляция қилинди) ва қатъий назоратга олинди, – дейди Сирдарё вилоятига коронавирус инфекциясини четдан кириб келишини ва тарқалиб кетишини олдини олиш мувофиқлаштирувчи штаби бошлиғининг ўринбосари, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Хайрулла Ҳамидов. – Уларнинг барчасида коронавирус инфекцияси йўқлиги аниқланди ва зарур муолажа кўрсатилиб, уйларига жавоб берилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудидаги аҳолини коронавирус инфекцияси билан боғлиқ мурожаатларини қабул қилиш ва белгиланган тартибда телефон орқали маълумот бериш мақсадида Гулистон шаҳар тез тиббий ёрдам негизида “Call-маркази” ташкил этилиб, у ерга шаҳарлараро телефон рақами ўрнатилди ва врачларнинг ишонч телефони пости ташкил этилди.
Сирдарё вилоятига коронавирус инфекциясини четдан кириб келишини ва тарқалиб кетишини олдини олиш мувофиқлаштирувчи штаби мунтазам фаолият кўрсатиб турибди. Вилоятга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқаб кетишини олдини олиш учун эса барча зарур амалий чора-тадбирлар кўрилаётир.