Сирдарёда хитойлик келин тил ўргатмоқда
Аммо бу тил бўйича мутахассислар кўп эмас, айниқса, Тошкентдан ташқарида. Дастлаб бепул курслар очиб, болаларга хитой тилидан сабоқ беришни режа қилган эдик.
Ўтган йилнинг август ойида юртимизга хитойлик қиз Ли Тинг келин бўлиб тушгани ва у мактабда хитой тилидан дарс бериш мақсади борлигини билдирган эди.Ижтимоий тармоқларда Гулистондаги умумий ўрта таълим мактабида хитой тилидан дарс бериш ташаббуси билан чиққан Муроджон Кенжабоев ҳамда унинг турмуш ўртоғи Ли Тинг хоним турли хил тўсиқларга учрагани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан бу масала ўрганиб чиқилди. Қисқа муддатда хитойлик келинга умумтаълим мактабларида хитой тилидан дарс ўтиш ҳуқуқини берувчи ўқув режа ва дастур ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Ли Тинг хоним ҳозир Сирдарё вилоятида ўқитувчилик фаолиятини олиб бормоқда.
Хитойлик келин ўз она тили – хитой тилидан ташқари, инглиз тили бўйича ҳам мутахассис ҳисобланади.
– Ўзбекистонда хитой тилига бўлган қизиқиш кучли ва бу менга илҳом бағишлайди, – дейди Ли Тинг хоним. – Аммо бу тил бўйича мутахассислар кўп эмас, айниқса, Тошкентдан ташқарида. Дастлаб бепул курслар очиб, болаларга хитой тилидан сабоқ беришни режа қилган эдик. Бироқ кўплаб муаммо ва қийинчиликларга дуч келдик. Айни пайтда эса вазият буткул ўзгарди.
Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтидан олинган маълумотга кўра, бу ерда мамлакатимизда илк бор умумий ўрта таълим мактабларида хитой тилини ўқитиш ҳуқуқини берувчи қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди. Мазкур курслар ўқув режаси асосида видеодарслар тайёрланмоқда. Ли Тинг хоним хитой тили йўналишлари контентлари ва видеодарсларини яратишда институт билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Эндиликда ушбу институтнинг қайта тайёрлаш курсларида хитой тили йўналиши бутунлай янгича методда олиб борилиши режалаштирилмоқда.