Сирдарёда карантин қоидаларини бузганларга 3,5 миллиард сўм жарима жазоси тайинланди
3 нафар ҳуқуқбузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган бўлса, 355 авторанспорт воситалари ҳайдовчиларига маъмурий жазо тайинланиб, автомашиналари вақтинча сақлаш учун жарима майдончаларига жойлаштирилди.
Уйда қолинг!
Коронавирус пандемиясини тарқалишини олдини олиш мақсадида мамлакатимизда жорий этилган карантин эпидемияси бошлангандан буён Сирдарёда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан мамлакатимизда карантин жорий этилган вақтдан то 6 апрел тунги соат 00:00 га қадар карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ 2 минг 161 ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий жазо тайинланди.
Жумладан, 3 нафар ҳуқуқбузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган бўлса, 355 авторанспорт воситалари ҳайдовчиларига маъмурий жазо тайинланиб, автомашиналари вақтинча сақлаш учун жарима майдончаларига жойлаштирилди. Амалдаги қонун-қоидаларни бузиш эса ҳуқуқбузарлик бўлиб, ҳар қандай қоидабузарликка жазо белгиланиши муқаррар. Ушбу ҳолатлар бўйича 2 миллиард 939 миллион сўм жарима жазоси тайинланди.

Карантин ҳолатида бир қатор чекловлар жорий этилиши табиий ҳол. Вазиятнинг қанчалик жиддий ва таҳликали эканини ҳис қилмаслик, аввало ўзини, яқинларини, қолаверса, бошқаларнинг саломатлигини хатарга қўйиш ҳам бугунги қалтис вазиятда энг катта жиноятдир.
Карантин қоидаларини бузган ҳуқуқбузарликлар ёш бўйича таҳлил қилинганида, энг кўп – 953 ҳолатда қоида бузилиш айнан камолга етган – 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар ўртасида содир этилган.
Одатда 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролар ҳуқуқий билим даражаси етук бўлган инсонлар ҳисобланади. Аммо бу ёшдагиларнинг 944 ҳолатда ҳуқуқбузарлик содир этгани ачинарли ҳол эмасми?

Шунингдек, 18 ёшгача бўлган сирдарёликлар ўртасида карантиннинг ўтган шу даври давомида 25 ҳолатда, 50 ёшдан ошганлар ўртасида эса 239 ҳолатда карантин қоидалари бузилган.
Бу рақамлар ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, айнан жамиятимиз тараққиёти, мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч кучи ҳисобланган 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролар эканлиги янада ачинарли.
– Телевидение, радио, босма ва электрон нашрларда мунтазам равишда карантин даврида белиганган тартиб-қоидаларга амал қилиш бот-бот такрорлансада, минг афсуски, фуқароларимиз томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этиш камайиш ўрнига кундан-кун ортиб бораяпти, – дейди Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари капитан Достон Шамсиддинов. – Жорий йилнинг 7 апрель куни, яъни 1 кеча-кундузда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ 421 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жазо тайинланди. Шундан 15 нафар ҳуқуқбузарлар маъмурий қамоққа олинган бўлса, 174 авторанспорт воситалари ҳайдовчиларига маъмурий жазо тайинланиб, автомашиналари вақтинча сақлаш учун жарима майдончаларига жойлаштирилди. Ушбу ҳолатлар бўйича 600 миллион сўмдан ортиқ жарима жазоси тайинланди.
Кўрилаётган чораларидан кўзланган асосий мақсад фуқароларимизни карантин даврида тартибга чақириб, коронавирус касаллигини тарқаб кетишини олдини олишдир. Фуқароларимизни имкон қадар уйда қолишларини, кўчаларда бемақсад ва ниқобсиз юришлари мумкин эмаслиги такрор-такрор тушунтирилсада, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳали-ҳамон содир этилмоқда. Ваҳоланки тўланаётган энг кам жарима 1 миллион 115 минг сўмни ташкил этиб, ана шу маблағга рўзғор учун керакли бўлган анча-мунча озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олишса яхшироқ эмасмиди?
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жорий йилнинг 6 апрели соат 6:00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чеклангани оммавий ахборот воситаларида бир неча бор таъкидлаб ўтилди. Аммо шунга қарамай, вилоят ИИБ карантин гуруҳи томонидан ўтган 2 кун давомида 277 нафар фуқаро мақсадсиз кўчада юрганлиги учун уларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чоралар кўрилди.
Бир қатор мутасадди хизмат ходимлари ўз оиласини, ота-онаси, фарзандлари, жон-жигарларини уйда қолдириб, ўзлари туну кун фаолият юритаяпти. Буларнинг барчаси сизнинг соғлигингиз, оилангизни хотиржамлиги, юртимизнинг тинчлиги учундир. Сиз учун жонкуйдираётган инсонлар меҳнатини қадрига етинг. Уйда қолинг, ўзингиз ва оила аъзоларингизни ҳар қандай бало қазолардан асранг. Унутманг, ўзини асраганни Аллоҳ ҳам асрайди.