Сирдарёда байрам тантаналари давом этмоқда
Асосий байрам тантаналари Гулистон шаҳрида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.
Сирдарё вилоятининг барча туман, шаҳарлари ва ҳарбий қисмларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Асосий байрам тантаналари Гулистон шаҳрида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.
Маросимда вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, тўртта сектор раҳбарлари, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Гулистон шаҳридаги Миллий гвардия қўшинлари, ҳарбий қисмлар офицер, сержант ва аскарлари, вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, нуронийлар ва фаол ёшлар иштирок этди.
Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги қошидаги Чирчиқ ҳарбий оркестри марш садолари остида ҳарбий парад ва ҳарбий техникалар намойиши бўлиб ўтди.
Байрам тантаналари вилоят мусиқали драма театрида давом этиб, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган табригини ўқиб эшиттирди.
Вилоят ҳокими Президентимиз фармони билан тақдирланган “н” ҳарбий қисм взвод командири, капитан Саиджон Юсуповга “Шуҳрат” медалини тантанали равишда топширди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовнинг буйруғи билан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими бошқаруви раиси Ўтбосар Абдиев, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси Наргиза Холмуродовалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Республика пойтахтидан келган ва вилоят санъаткорлари, ёш иқтидорли санъаткорлар ҳарбий формада намойиш этган концерт дастури йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб байрам тантаналари Гулистон шаҳридаги “Фаровон” тантаналар мажмуасида байрам дастурхони атрофида давом этмоқда.
Тадбирларда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.