Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик даражасида яшаётган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Ширин шаҳар ҳокимлиги томонидан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик даражасида яшаётган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Давлатимиз раҳбарининг пандемия туфайли жорий этилган карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокимлиги томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, оиласида ногиронлиги бор, кам таъминланган, кундалик ҳаёт эҳтиёжи учун даромади паст бўлган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва антисептик воситалар тарқатилди.
Шунингдек, шаҳар ҳокими А.Ҳожиматов ташаббуси билан Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат, антисептик вооситалардан ташқари, юмшоқ кўрпа-тўшаклар ҳам тақдим этилди.
* * *
Сирдарё вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси карантин даврида юртдошларимиз орасида уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Уйда қол, ҳаётга қўшил!” челленджини эълон қилди.
Челленджда қатнашиш орқали ҳар бир сирдарёликлар нафақат ўз саломатлигини мустаҳкамлаб олиши, балки, қимматбаҳо совғалар ҳам ютиб олиши мумкин.
“Онлайн спорт челленджи” мусобақасида иштирок этиш учун иштирокчилар машқларни бажараётган жараёнини видео-ролик кўринишида вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси телеграм каналига “Уйда қол, ҳаётга қўшил!” номли хэштег орқали юборишлари талаб этилади.
* * *
Вилоятда 2019 йилгача бўлган даврда “Ўзмобайл”нинг 105 та база станцияси ишга туширилган бўлиб, шундан 33 таси 2G, 46 таси 3G ва 26 таси 4G технологияли база станциялари эди.
– Жорий йилнинг май ойида 33 та 2G база станцияси модернизация қилиниб, 3G технологиясига ўзгартирилди, – дейди “Ўзмобайл” филиали ҳудудий боғланмаси бошлиғи Султонхўжа Аҳмедов. – Шунингдек, 46 та 3G база станциялари 4G технологияли база станцияга модернизация қилинди. 2020 йил якунигача 20 та 4G технологияли ва 5 та Eazy Macro база станцияларини қуриб ишга тушириш режалаштирилган.
Қайд этилишича, бугунги кунгача 13 та объектда қурилиш ишлари якунланиб, битта Eazy Macro ва тўққизта 4 G технологияли база станцияси ишга тушурилди. Бу, ўз навбатида, алоқа сифатининг яхшиланишига ва аҳоли эътирозларининг камайишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, вилоятда 26 та CDMA - 450 база станциялари ишлаб турибди ва бугунги кунга келиб, вилоятда 190 минг мижозга хизмат кўрсатилмоқда.