Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Бугун кечаси 92 нафар сирдарёлик ватандошларимиз Умра ибодатини адо этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортдан Саудия Арабистонига парвоз этди.
Бугун кечаси 92 нафар сирдарёлик ватандошларимиз Умра ибодатини адо этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортдан Саудия Арабистонига парвоз этди.
Сирдарёлик зиёратчилар ибодатларини адо этишлари давомида Мадина шаҳридаги “Масжидул Ҳарам”дан 50-60 метр масофада бўлган 5 юлдузли “Pulman Zazam” ва Макка шаҳридаги Ҳарамдан унчалик узоқ бўлмаган 4 юлдузли “Al-Kisva” меҳмонхоналарида истиқомат қилади.
– Ота-боболаримиз учун армон бўлиб ўтган бахт – Ҳаж ва Умра сафарларига бугун биз мушарраф бўлганимиз учун Яратганга шукурлар бўлсин, – дейди Сирдарё тумани фермерлар кенгаши раиси Ф.Чилтанов. – Уч ўғил, уч қизни ўзлари емай едириб, ўзлари ичмай ичириб, ўзлари киймай кийдириб вояга етказган пиру бадавлат волидам Ойсара онани Аллоҳнинг иродаси билан муборак Умра зиёратига олиб бориш насиб этгани бу – аввало мустақиллик шарофати, муҳтарам Президентимизнинг халқ манфаатларини кўзлаб амалга ошираётган оқилона ислоҳотлари самарасидир. Умра ибодатларини адо этиш мақсадида юртдошларимизга катта имкониятлар ва барча шароитларни яратиб берилишига бош-қош бўлган Президентимизга минг раҳмат.
Ушбу зиёратга отланган 44 аёл ва 48 эркакка сафар олдидан вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ Зокиров томонидан Умра ибодатининг мазмун-моҳияти, шартлари ҳамда адо қилиш тартиб-қоидалари ва одоблари тўғрисида зарур маълумот берилди.
Зиёратчилар 3 кун Мадина шаҳрида ва 7 кун Маккада ибодатларни адо этиб, жорий йилнинг 27 декабрь куни юртимизга қайтиб келади.

***
Сирдарё ва Сайхунобод туманларида ана шу номдаги акция доирасида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоят бандлик бош бошқармаси ва туман ҳокимликлари масъул ходимлари, ушбу туманларда фаолият олиб бораётган тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.
Учрашув давомида тадбиркорларга меҳнат идоралари томонидан белгиланган тартибда кўрсатилаётган кўмаклар, яъни ажратилаётган субсидиялар, норасмий тарзда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ўзини-ўзи банд қилиш гувоҳномалари бериш тартиблари ва меҳнат қонунчилиги бўйича тушунчалар берилди.

***
Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрда “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоят электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари шаҳар ва туманларда режа асосида амалга оширилмоқда.
АСКУЭларни алмаштириш ишлари Гулистон шаҳридан бошланган бўлиб, ҳозирги кунда 25 минг 714 дона бир фазали ҳисоблагичлар ўрнатилиши талаб этиладиган жами истеъмолчиларга нисбатан олганда эса 94,7 фоизга бажарилди. Шундан, 24 минг 353 дона бир фазали ҳисоблагичлар ўрнатилиши талаб этиладиган жами аҳоли истеъмолчилари сонига нисбатан олганда 97,5 фоиз, 1 минг 361 дона бир фазали ҳисоблагичлар ўрнатилиши талаб этиладиган жами улгуржи истеъмолчиларига нисбатан эса 62.4 фоиз истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичлари алмаштирилган.

***
Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани Нурли йўл маҳалласида яшовчи хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилган тадбир Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 30 миллион сўмлик грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Бахмалсой қишлоқ врачлик пунктида ўтказилган кўрикда малакали тиббиёт мутахассислари томонидан аниқ ташхислар қўйилиб, шу ернинг ўзида муолажалар кўрсатилди. Зарурати бўлган беморларга туман, вилоят ва республика шифохоналарига йўлланма берилди. Тиббий кўрик давомида вилоятнинг етакчи тиббиёт ходимлари томонидан аёлларда тез-тез учраб турадиган касалликларни олдини олиш, гигиенага риоя қилиш, соғлом овқатланиш мавзуларида маърузалар ўқилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими директори Юлдуз Усмонова жамғарма томонидан ажратилган бепул дори-дармон ва совғаларни Нурли йўллик аёлларга тақдим этди.