Синхрон сузиш: Европа чемпионлари Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади
Синхрон сузиш бўйича бир неча бор Европа чемпионлигига эришган, жаҳон серияси мусобақаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Анастасия Бахтирева ва Виолетта Евенко Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Ўзбекистон сузиш федерацияси хабарига кўра, "World Aquatics” халқаро федерацияси профессионал спортчилар Анастасия Бахтирева ва Виолетта Евенконинг спорт фуқаролигини ўзгартиришини, яъни бундан буён Ўзбекистон номидан халқаро мусобақаларда иштирок этишини маъқуллади.

Айни пайтда ҳар икки спортчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида машғулот олиб бормоқда.
Улар аёллар дуэти дастуридаги мусобақаларда иштирок этади. Терма жамоанинг амалдаги спортчиси Сабина Маҳмудова эса захира таркибига киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Анастасия Бахтирева уч марта Европа ва икки карра Жаҳон сериясида 1-ўринни эгаллаган. Виолетта Евенко эса Европа ҳамда Жаҳон чемпионати ғолиби саналади.
Т. Рўзиев, ЎзА