Хоразмлик самбочи Мавлуда Абдуллаева Жаҳон кубогида иштирок этади
Жорий йилнинг 18-20 сентябрь кунлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида самбо ва жанговар самбо бўйича эркаклар ҳамда аёллар ўртасида Жаҳон кубоги мусобақаси бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли мусобақада Хоразм якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби спортчиси Мавлуда Абдуллаева мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Мавлудага Жаҳон кубогида муносиб иштирок этишда тажрибали спорт мураббийси Умрбек Давлетов устозлик қилади.

Маълумот ўрнида, Мавлуда Абдуллаева 2025 йил 7-17 август кунлари Хитой давлатида ўтказилган Бутунжаҳон ўйинларида спортнинг самбо тури бўйича иштирок этиб, аёллар ўртасида жанговар самбо бўйича кумуш медалга сазовор бўлган.
Шунингдек, 2022 йилда Ливаннинг Жуния шаҳрида самбо ҳамда жанговар самбо бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида олтин, 2023 йил Қозоғистоннинг Астана ҳамда 2024 йил Хитойнинг Макао шаҳарларида бўлиб ўтган спортнинг жанговар самбо тури бўйича катталар ўртасидаги Осиё-Океания чемпионатида 80 кг вазн тоифасида фахрли 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритган.

Бундан ташқари, хоразмлик самбочи спортнинг самбо тури бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати мусобақаларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, сўнгги икки йил давомида аёллар ўртасида “Жанговар самбо” йўналишида олтин медаль соҳибаси бўлиб келмоқда.
Истеъдодли спортчимиз бу йилги Жаҳон кубогида ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижа қайд этса ажаб эмас.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири