Гиёҳвандлик – умр заволи
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалида “Гиёҳвандлик – умр заволи” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
26 июнь – Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган тадбирда қатнашган Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Шоҳрухмирзо Мамажонов мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, тиббиёт ходимлари томонидан ушбу иллатнинг олдини олиш, унга қарши курашишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.


Шунингдек, тадбирда шифокорлар томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, бу борадаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш, маҳалла, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Гиёҳвандлик инсон саломатлиги ва жамият ривожига путур етказадиган офат ҳисобланади, – дейди филиал директори Аҳрорбек Тошпўлатов. – Шу боис, ушбу иллатга қарши курашиш, унинг олдини олишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини кучайтиришда тиббиёт ходимлари фаол бўлиши лозим.


Тадбир доирасида спорт машғулотлари ўтказилди, гиёҳвандликка қарши курашиш тарғиботига бағишланган маърузалар ўқилди, кўргазмалар ташкил этилди.
Жамоа ўз олдига гиёҳвандликка қарши курашиш, тарғибот ишларини кучайтириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб олди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири