Сифатли таълим: имконият, изланиш ва ҳамкорлик
Давлатимиз раҳбари жорий йилда “Бухоро давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти негизида Бухоро давлат техника университети ташкил этилиши назарда тутилган. Иккита соҳанинг бирлашиши нафақат муҳандислик, балки аграр тармоқ ривожи учун ҳам малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятини кенгайтиради.
– Иккита институтнинг бирлашиши бу, албатта, мана шу ҳудуд учун қолаверса, кадрлар салоҳияти ривожига хизмат қилади, – дейди Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти проректори Фазлиддин Жўраев. – Қолаверса, институтда ҳозирги пайтгача маҳаллий ва хорижий грант лойиҳалари амалга оширилиб келинмоқда. Айни кунда 4 та хорижий, 7 та маҳаллий грантлар бажарилди. Илмий салоҳият 41 фоизни ташкил қилган бўлса, 70 нафар докторант бор. Албатта, грант лойиҳаларига ўнга яқин мақсадли амалий лойиҳалар учун мавзулар берилган. Бу лойиҳалар ҳам ҳудуддаги муаммоларнинг ечимини илмий амалий ечилишига қаратилган.
– Бугунги кунда юртимизда таълим соҳасида, айниқса, олий таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлар узоқни кўзлаб қилинаётган амалий чора-тадбир ҳисобланади, – дейди Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти кафедра мудири Толиб Сафаров. – Буни боиси, бугунги кунда дунёда глобаллашув кечаётган бир замонда техник ва технологик соҳага бўлган эътибор кучайтирмаса, албатта, орқада қолади. Шунинг учун техник ва технологик соҳани юксак даражада ривожлантириш нуқтаи назаридан энг юқорига кўтариш устувор вазифа қилиб белгиланган.
[gallery-21825]
Тегишли мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, самарали илмий тадқиқотлар олиб бориш, фан ва таълим йўналишларида чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ҳамда изчил алоқаларни йўлга қўйиш ҳам университетнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Ҳозирда Бу борада Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти нафақат Бухоро вилояти, балки бутун республика миқёсида ҳам ўз ўрнига эга эди. Президентимиз топшириғи асосида мазкур ишлар янги босқичга чиқади.
– Маълумки, давлат раҳбари ташаббуси билан республикамизда таълим соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти проректори Иброҳим Ҳасанов. – 2024 йил 20 июнь Президентимиз раислигида муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлаш ва бу соҳада олий таълим фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида видеоселектор ўтказилган эди. Мазкур йиғилишда бир қатор топшириқлар берилганди. Ушбу топшириққа асосан, ҳудудларда техник йўналишда олий таълим йўналишида институтлар ташкил этилиши белгиланганди. Албатта, бундан кўзланган мақсад дунёнинг тан олинган 300 таликка кирувчи институтлар билан ҳамкорликда таълим соҳасини янада ривожлантириб, биргаликда юқори малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси белгиланган.
– Янги ташкил этилаётган университет таркибида бизни соҳамизга тегишли бўлган етук кадрлар тайёрланишига ишончимиз комил, – дейди институт кафедра мудири Ҳабиба Тўхтаева. – Шундан келиб чиқиб, экология соҳасида, гидрогеология соҳасида тайёрланаётган муҳандис кадрлар келажакда юрт равнақи учун ўз ўрнини эгаллашга ва шу соҳада яна етук мутахассислар тайёрлашга имкон яратилади. Айниқса, эколог муҳандислар, атроф-муҳит муҳандиси соҳасида қилинаётган ишларни вилоят миқёсида кенг тарғиб қилишда, атроф-муҳитни, сув ресурслари ва ер ости сувлари муҳофаза қилиш бўйича олимлар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотларни амалиётда қўллашда кенг имкониятлар яратилади.
Бугунги кунда институтнинг хорижий олийгоҳлар билан аграр соҳани рақамли бошқариш ва ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожлантириш, яшил энергетика, механика, технологик жараёнларни автоматлаштириш, IТ, сунъий интеллект, смарт технологиялари сингари қатор илмий йўналишлардаги ҳамкорлик йўлга қўйган. Институтда дунёнинг этакчи университетлари фахрий профессори унвонини олган олимлар фаолият кўрсатмоқда. Тадқиқотчиларнинг илмий ишланма ва тавсиялари асосида Америка Қўшма Штатлари, Европа ҳамда Кореяда ҳам кенг қўлланилмоқда.
Институт ҳудудида замонавий Технопарк фаолият олиб бормоқда. Ўзига хос тажриба майдонига айланган ушбу масканда профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар томонидан илмий изланишлар олиб борилади. Таъкидлаш жоизки, бундай технологик воситаларнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини аниқлаш бўйича ўтказилган ҳисоб-китоблар натижалари юртимизда техника тараққиёти ва муҳандислик соҳасида рақобатбардош кадрлар синфини шакллантиради. Ҳозирда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтида юртдошларимиздан ташқари Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби қўшни давлатлардан талабалар таҳсил олган бўлса, келгусида бу аудитория ҳам кенгаяди.
Бундан ташқари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларни Университетга саноат ҳамкори сифатида бириктирилиши назарда тутилмоқда. Бу ҳам аграр тармоқнинг юқори суратларда ривожланишининг муҳим омилларидан бири бўлишига шубҳа йўқ.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари