Сифат ва хавфсизлик муҳим мезон
Бугунги кунда Наманганда 225,4 минг нафар истеъмолчи табиий газ билан таъминланган. Улардан 221,3 мингтаси аҳоли хонадонларини ташкил қилса, 4,1 мингтаси эса улгуржилар ҳиссасига тўғри келади.

Сўнгги йилларда вилоятда газ таъминоти тизимини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2020-2024 йиллар давомида “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан 72,2 километр газ тармоқлари мукаммал таъмирланиб, қайта реконструкция қилинди. Шунингдек, 103 та газ тартиблаш пункти замонавий талабларга мос таъмирланди. Бу ишлар натижасида вилоятдаги 230 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида истиқомат қилувчи 156 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларидаги таъминоти яхшиланишига эришилди.


– Табиий газ етказиб беришда шаффофлик ва инсон омилини камайтириш мақсадида 200,4 минг аҳоли хонадонларига масофадан бошқариладиган замонавий электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилди, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамажонов. – Бу нафақат ҳисоб-китоб жараёнларини автоматлаштириш, балки ресурсларни оқилона бошқаришга ҳам ёрдам бермоқда. Эътиборлиси шундаки, табиий газ етказиб бериш тизими янада самарали бўлиши учун уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтиш ишлари бажарилди. Мазкур жараёнда хонадонларга 100,8 минг дона босим ростлагич (регулятор) ўрнатилди.
Бундай хайрли ва амалий саъй-ҳаракатлар аҳолининг кундалик турмуш сифати ва қулайлигини янада оширишга қаратилган бўлиб, улар вилоятда энергетик ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА