СИ меҳнат бозорини ўзгартирмоқда(ми)?
Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши меҳнат бозорида жиддий ўзгаришларни бошлаб берди. "ChatGPT", "Claude" ва "Gemini" каби платформалар глобал оммалашиб борар экан, иш фаолиятини энди бошлаётган ёш кадрлар орасида хавотир кучаймоқда. АҚШ университетларида AI ҳақидаги чиқишлар ҳатто норозилик садолари билан қарши олинмоқда.
“Google” собиқ раҳбари Эрик Шмидт сунъий интеллект таъсирини “инсоният кўрган энг тез ва кескин ўзгаришлардан бири” дея баҳолади. У технология ҳар бир касб, таълим муассасаси ва инсонлар ўртасидаги муносабатларга таъсир қилишини таъкидлади, бироқ америкалик талабаларнинг бир қисми бу фикрларни олқиш эмас, эътироз билан қабул қилди.
Йирик компаниялар томонидан бошланган қисқартиришлар хавотирларни янада кучайтирди. Хусусан, “Standard Chartered” банки 7 мингдан ортиқ иш ўрнини бекор қилиб, айрим вазифаларни сунъий интеллект зиммасига ўтказишини маълум қилди. “Amazon”, “Meta” ҳамда “Block” каби технологик корпорациялар ҳам самарадорликни ошириш баҳонасида минглаб ходимлар билан хайрлашмоқда.
“Gallup” тадқиқотига кўра, Z авлоди вакилларининг катта қисми сунъий интеллектни имкониятдан кўра хавф сифатида қабул қилмоқда. Сўров иштирокчиларининг қарийб ярми AI салбий оқибатларга олиб келишини айтган. Мутахассислар фикрича, янги технологияларга мослаша олмаган ёшлар келажак меҳнат бозорида кучли рақобат босимига дуч келиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА