АҚШда “Samarqand Digital Hub” инновацион маркази иш бошлади
АҚШга амалий ташриф доирасида Самарқанд вилояти ҳокимлиги делегацияси таркибида Рақамли технологиялар вазирлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси вакиллари бир қатор учрашув ва тадбирларда иштирок этди. Жумладан, Сан Франциско шаҳрида “Samarqand Digital Hub” инновацион марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир давомида марказда яратилган замонавий инфратузилма, технологик имкониятлар ҳамда стартап лойиҳалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. “Samarqand Digital Hub” фаолиятининг илк кунидаёқ “Humonola Inc” компанияси билан стартап лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Мазкур келишув ўзбекистонлик ёш дастурчилар ва инноваторларга ўз лойиҳаларини халқаро бозорларда, хусусан АҚШда илгари суриш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, АҚШнинг Миссури штатида хорижий инвесторлар ва бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, IT Park резидентлари учун яратилган имкониятлар ҳамда инвестициявий салоҳият тақдим этилди.

Мулоқотлар давомида телекоммуникация, АТ хизматлари, инвестицияларни бошқариш ва технологик лойиҳаларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, делегация Вебстер университети президенти Тим Кин билан ҳам учрашув ўтказди. Унда сунъий интеллект ва замонавий АТ йўналишларида малакали кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур ташрифлар Ўзбекистоннинг халқаро инновацион ва технологик ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, стартап экотизимини ривожлантириш ҳамда ёшларнинг глобал технологик ҳамжамият билан интеграциясини кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА