Швеция Малидан ҳарбийларини олиб чиқмоқчи
Швеция “Вагнер” аскарлари Малига келиши муносабати билан Takuba аксилтеррор миссиясида қатнашишдан бош тортди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Анн Линде маълум қилди.
Аниқланишича, миссияда иштирок этаётган швед ҳарбийлари 2022 йилда Мали ҳудудини тарк этади.
Бундан ташқари, Швеция ҳукумати мазкур сабаб туфайли БМТнинг Малидаги тинчликпарвар миссиясида ҳам иштирок этмаслиги мумкин. Вазир ушбу масала қайта кўриб чиқилишини айтган, аммо қатнашадими ёки йўқми деган савол очиқлигича қолмоқда.
Швеция парламенти 2020 йилда бир юз элликка яқин ҳарбийни Takuba операциясида иштирок этиш учун Малига юборишга рухсат берган эди. Ўша пайт икки юз элликка яқин ҳарбий БМТ миссиясига жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Малида 2020 йилда юз берган давлат тўнтариши туфайли вазият анча кескинлашган эди. Шундан сўнг Ғарбий Африка давлатлари ўз чегараларини ёпди, дипломатик муносабатлар узилди. Мамлакатга қарши иқтисодий санкциялар ҳам жорий қилинди.
Европа Иттифоқи “Вагнер” ташкилоти ва унга алоқадор айрим шахсларга нисбатан санкциялар киритган эди. Бироқ, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жозеф Боррель норасмий ҳарбий ташкилотнинг Малида бўлишини факт сифатида қабул қилиш кераклигини таъкидлаган.
Интерфакс агентлиги хабарига кўра, парламент февралда Малидаги вазиятни яна муҳокама қилади.
“Вагнер” – норасмий қуролли ташкилот ҳисобланади. Кўпинча оммавий ахборот воситаларида “Вагнер” ташкилоти Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси сифатида эътироф этилади.