“Шум бола” – дунё эътирофидаги, халқ кўнглидаги асар
Ғафур Ғулом уй-музейида забардаст ижодкорнинг қайтадан нашр этилган “Шум бола” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида чоп этилган ушбу китоб тақдимотига ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Тақдимот тадбирида таъкидланганидек, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом асарлари қамровининг кенглиги, теран мазмунга бойлиги, халқ ижодиётига таянгани билан диққатга сазовордир. Ижодкорнинг “Шум бола” асарида бу жиҳатлар яққол кўзга ташланади. Агар бу асарни кичик ёшдаги китобхон кулги ва завқ билан мутолаа қилса, катта ёшдаги адабиёт мухлислари кулги ортидаги изтироблар, аламли кўз ёшлар, мунгли болаликдан қалби ўртаниб кетиши аниқ.
Шу сабабли ҳам мазкур асар яқиндагина жаҳоннинг энг яхши болалар адабиёти юзталик рейтингидан муносиб ўрин эгаллади.

– “Шум бола” асарининг бу галги нашри жуда юксак матбаа талаблари асосида, чиройли расмлар билан чоп этилгани эътиборга моликдир, – деди адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков. – Дарҳақиқат, бу асар жаҳон болалар адабиётининг 100 та энг яхши намунаси сафидан ўрин олди. У ўзининг мукаммаллиги, юксак бадиий савияси билан ажралиб туради. Бу китоб наинки болалар, балки катталар учун ҳам қадрлидир. Сабаби Ғафур Ғуломнинг тагдор, мазмунли сўзларидан катталар ҳам завқ оладилар. Айрим китоблар баъзи-баъзида нашр этилиб ҳам ўз ўқувчисини топмайди. Лекин “Шум бола” ҳар қанча нашр этилса ҳам доим ўқувчиси топиладиган асардир.
– “Шум бола” – халқимизнинг руҳиятига жуда сингиб кетган асар, – деди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйи бош муҳаррири Ҳабиб Абдиев. – Ўз фикрини ифодаламоқчи бўлган инсон борки, кўпинча шу асарда ишлатилган жумлаларни, албатта, қўллайди. Асар яна шуниси билан қадрлики, унда маърифатпарвар боболаримизнинг ғоялари уфуриб туради. Мустамлакачиларнинг маҳаллий ҳунармандлар ишини ўлдириши, ёшларнинг ишсизликдан кўчада қолиб кетиши, муаммолар рўпарасида ёлғиз қолган аёлнинг фарзанд тарбиясидаги қийинчиликлари катта маҳорат билан тасвирланган. Асарнинг таг-замирида мустамлакачиларнинг зулми, даврнинг оғир, шафқатсиз фожиаси акс эттирилган.
– Дадамларнинг китоблари қайта нашр этилганидан жуда хурсандман, — деди Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг қизи Олмосхон Аҳмедова. – Бу асарда ҳаётий хотиралар, ота-онамдан эшитганларим, кўрганларим жамланган. Шу музейда ишлаб, ундаги экспозицияларни ташкил этиб ҳам дадамларнинг олдиларидаги фарзандлик бурчимни ўтадим, деб айта олмайман. “Шум бола” асари жаҳоннинг болалар учун мўлжалланган энг яхши 100 та асарларидан бири, деб эътироф этилди. Бу китоб Ўзбекистоннинг фахри бўлди. Дадамларнинг шу асарлари чоп этилганидан беҳад мамнунман.

Дарҳақиқат, адабиётимиз дарғаси, устоз Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари ўз даврининг чуқур сиёсий-ижтимоий муаммоларини бола тилида ғоят ҳаётий ва таъсирчан очиб бергани, унда XIХ аср охири ва ХХ аср аввалига оид тарихий муҳит жуда таъсирчан, ҳаётий, халқона тарзда, юксак маҳорат билан тасвирлаб берилгани боис биз китобхонлар учун доим қадрлидир. Эҳтимолки, “Шум бола”га киночилар, ҳам театр ижодкорлари мурожаат этганининг сабаби ҳам шунда бўлса ажаб эмас.
Тақдимот тадбирида Ғафур Ғулом ижоди, хусусан, унинг “Шум бола” асарининг бадиий қиймати ҳақида батафсил сўз юритилди. Анжуман иштирокчиларига китоблар туҳфа этилди.
Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА