Шуҳрат Орипов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайланди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг VII конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Уюшманинг 2021-2025 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар, амалга оширилган лойиҳалар ва истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Уюшма Тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди.
Конференцияда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бошқаруви аъзолари, Тафтиш комиссиясининг янги таркиби сайланди. Уюшма уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Уюшманинг янги ташкилий тузилмасини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилинди.
[gallery-30087]
Шунингдек, конференция ишида 2026-2030 йилларда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасини янгилаш концепцияси муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Мазкур концепция журналистларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, замонавий медиа муҳитида журналистиканинг нуфузини ошириш ва Уюшма фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устувор йўналишларни ўз ичига олади.
Тадбир доирасида мамлакат медиа маконидаги долзарб масалалар, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ижодкорлар фаолияти учун яратилаётган имкониятлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг жамият тараққиётидаги ўрни юзасидан фикр алмашилди.
Конференцияда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Шуҳрат Орипов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайланди. Делегатлар Дилшод Бўриев ва Шаҳрибону Имомовани Уюшма раисининг ўринбосарлари этиб тасдиқлади.
Н.Усмонова,
А.Алижонов(суратлар), ЎзА