Шуҳрат Аббосовни ёд этиб...
Кинематография агентлиги томонидан машҳур кинорежиссёр Шуҳрат Aббосовнинг таваллуд куни муносабати билан “Шуҳрат Aббосовни ёд этиб...” мавзусида хотира кечаси ўтказилди. Тадбирда режиссёрнинг оила аъзолари, шогирдлари ва киноижодкорлар иштирок этди.
Хотира кечаси аввалида Шуҳрат Aббосов ҳақидаги янги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильмда кинорежиссёрнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.

Тадбирда Шуҳрат Aббосовнинг олижаноб фазилатлари, кино санъати соҳасида яратган ўзига хос мактаби, бетакрор ижоди ҳақида атрофлича фикр юритилди. Кеча сўнгида “Маҳаллада дув-дув гап” бадиий фильми намойиш этилди.

Айтиш керакки, Шуҳрат Aббосовнинг кино оламидаги илк ютуқларидан бири “Маҳаллада дув-дув гап” бадиий фильмидир. Картина 1960 йилда тасвирга олинган бўлса-да, ҳаётий воқеалар тасвирлангани сабабли халқимиз томонидан ҳозир ҳам севиб томоша қилинади. Айни пайтда унинг “Сен етим эмассан”, “Тошкент – нон шаҳри” каби фильмлари ўзбек халқининг меҳридарёлиги, бағрикенглигини ҳаётий, ёрқин ва ғоят таъсирчан тарзда акс эттиргани билан қадрлидир.

–Кейинги йиллар мобайнида отамизнинг меҳнатларини қадрлаш, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, хотирасини эъзозлаш борасида кўпгина савобли ишлар амалга оширилди, – деди санъат дарғасининг фарзанди Элжон Аббосов. – Буларнинг бари Президентимиз томонидан ижодкор зиёлиларга кўрсатилаётган улкан эътиборнинг яна бир намунасидир.
Н.Усмонова, ЎзА