Шуҳрат Ғаниев: ҳар бир тадбиркорга кўмакчимиз
Фарғона вилояти саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан мамлакатимизда етакчи ўринни эгаллайди.
Фарғона вилояти саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан мамлакатимизда етакчи ўринни эгаллайди.
Жорий йилда ҳудудий дастурга мувофиқ, 737 та лойиҳа доирасида 7 триллион сўмлик инвестиция ва кредитлар ўзлаштириляпти. Хусусан, “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида бугунга қадар умумий қиймати 228, 7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 84 та инвестиция лойиҳалари жойлаштирилди.
43 та лойиҳалар натижасида эркин иқтисодий зона иштирокчилари томонидан ўтган даврда 830,7 миллиард cўмлик ёки 80,6 миллион доллари миқдорида маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 15,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилди. Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 2552 та янги иш ўринлари яратилади.
“Улуғбек экспорт тренд” масъулияти чекланган жамияти уларнинг бири бўлиб, бу ерда йилига 30 миллиард сўмлик ёки 2,9 миллион долларлик пойафзал ва мих, бурама мих ишлаб чиқариш қувватлари ўзлаштирилди. 235 та янги иш ўрни яратилди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев корхонанинг янги лойиҳасини очиш тантанасида иштирок этди.
– Биз эркин иқтисодий зонада иш юритаётган ҳар бир тадбиркорга кўмакчимиз, – деди вилоят ҳокими. – Барча масала ва муаммолар ечимига шахсан ўзим масъулман. Йил охиригача бу ерда 162,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 41 та лойиҳа ишга тушади ва 4 минг 520 та янги иш ўрни яратилади.
Айни кунларда бу ерда қирқдан зиёд корхона ишлаб турган бўлсада ҳали қурилиш-монтаж ишлари авжида. Ҳар бир ҳудудда улкан иншоотлар қуриляпти, кўчаларга, биноларга коммуникация воситалари –сув, газ, сувоқава, электр тармоғи тортиляпти, йўллар асфальтланмоқда.
Вилоят ҳокими “Шаффоф омад саноат” масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилаётган электромобиллар заводи қурилишини ҳам бориб кўздан кечирди.
– Корхона карьер ўрнида жойлашган. Дастлаб етти метрли хандақни тўлдирдик, – дейди унинг раҳбари Ғофуржон Усмонов. – Мана энди 30 минг метр квадрат майдонда ишлаб чиқариш иншоотларини тиклаяпмиз.
– “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёзувли электромобиллар айнан Фарғона вилоятидан ички ва ташқи бозорга йўл олиши қувончли воқелик ва албатта катта масъулият. Шу билан бирга биз, фарғоналикларга ғурур ва ифтихордир, – деди Шуҳрат Ғаниев. – Биз бу кунга албатта етамиз.
“ММА Камтар Бегойим” масъулияти чекланган жамияти мўйнали мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
– Хитойдан 350 минг долларга технологик ускуналар сотиб олдик ва созлаш-ўрнатиш ишларини тугаллаб маҳсулот чиқара бошладик, – дейди тадбиркор Исроилжон Абдуллаев. – Бу аввало яна 40 та янги иш ўрни дегани.
Сунъий мўйнали мато шу пайтга қадар мамлакатимизга импорт қилинар эди. Унга пойафзал, мебел саноатида эҳтиёж катта. Энди у Фарғона вилоятидан етказиб берилади.
– Биз ўнлаб пойафзал корхоналари ва яқин хорижий мамлакат тадбиркорлари билан экспорт шартномаларини туздик, – дейди Исроилжон Абдуллаев. – Шу йилнинг ўзида жами 1 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилмоқчимиз.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши муносабати билан унинг очилиш тадбирида иштирок этди.
Бир йўла тўрт хил ўлчамдаги экранли юқори сифатли телевизорлар Қўқон эркин иқтисодий зонасидаги “Россо Электроникс Технолижис” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилмоқда.
Лойиҳа қиймати 1,4 миллион доллар бўлган телевизорлар ишлаб чиқариш корхонаси қисқа муддатда қуриб битказилди. Ишчи ва муҳандис ходимлар ўқитилди. Бугун бу ерда ёшлар “Россо” бренди остида телевизор ишлаб чиқариб мамлакатимиз ички бозорини бойитмоқда.
– Биз электроника, маиший техник воситаларнинг бошқа турларини ҳам Фарғона вилоятида, жумладан, эркин иқтисодий зонада ишлаб чиқаришни ташкил этамиз. “Россо” бренди билан етказиб берилаётган телевизорлар - бу катта ишнинг бошланиши холос, – деди вилоят ҳокими.
Яқин кунларда эса мазкур эркин иқтисодий зонада кислород концентраторлари ишлаб чиқариладиган корхона иш бошлайди.
