Шри-Ланка ҳукумати дефолт эълон қилди
The Times of India газетасининг ёзишича, Шри-Ланка ҳукумати дефолт эълон қилган.
Орол давлатида жиддий иқтисодий инқироз бошланган, натижада озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа кундалик зарур буюмлар етишмаслиги кузатилмоқда. Хабарда айтилишича, мамлакат ташқи қарзлар бўйича тўловларни амалга ошира олмаяпти.
«Шри-Ланка 1948 йил мустақилликка эришгандан буён то шу вақтгача ташқи қарзларга тўлиқ хизмат кўрсатиб келаётган эди. Бироқ COVID-19 пандемияси ва Украинадаги воқеалар Шри-Ланканинг молиявий аҳволини ўнглаб бўлмас даражада издан чиқариб юборди. Натижада давлатнинг ташқи қарзларига хизмат кўрсатишнинг имкони бўлмай қолди», – дейилади хабарда.
Ўтган ҳафтада Халқаро валюта жамғармаси Шри-Ланканинг ташқи қарзлари миқдорини ҳаддан ортиқ кўпайиб кетганини маълум қилганди. Хабарда таъкидланишича, дефолт 2022 йил 12 апрелгача бўлган барча тўланмаган қарзларга нисбатан эълон қилинган.
COVID-19 пандемияси оролнинг сайёҳлик секторига ўта салбий таъсир кўрсатди. Мамлакат асосий хорижий валюта тушумларини айнан ушбу сектор орқали топади. Қолаверса, сўнгги пайтларда чет элларда ишлаётган Шри-Ланка мигрантлари жўнатаётган пул маблағлари миқдори ҳам кескин камайиб кетди.