Шовқинлардан қандай ҳимояланиш мумкин?
Ҳаддан ортиқ шовқинлар инсон саломатлигига путур етказувчи омиллардан ҳисобланади. Лекин шовқинлар ҳақида тадқиқотлар ўтказилганми?
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатган.
Хусусан, бугунги кунга қадар мамлакатимизда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Мисол учун, “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.
Айни пайтда, “тунги вақт” бўйича ягона тушунча мавжуд эмас. Масалан, ушбу вақт Меҳнат кодексининг 122-моддасига мувофиқ – соат 22:00 дан 06:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига мувофиқ – 23:00 дан 06:00 гача, “Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй- жой қурилиши ҳудудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари”га мувофиқ эса – 23:00 дан 07:00 гача деб белгиланган.
Қолаверса, ушбу соҳада маълум илмий изланишлар ҳам мавжуд эмас. Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида шовқин соҳасида фақат битта кенг қамровли тадқиқот ўтказилган.
Бироқ, кишилар онгига таъсир қилувчи шовқин таъсирига қарши курашиш зарурати халқаро даражада эътироф этилган. Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 2021 йил 5 октябрдаги 48-сессиясида инсоннинг хавфсиз, тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини умуминсоний ҳуқуқ сифатида эътироф этган резолюция қабул қилинган.
Қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши курашиш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Мисол учун, Японияда 1968 йилда “Шовқинни тартибга солиш тўғрисида”, АҚШда 1972 йилда “Шовқинни назорат қилиш тўғрисида”, Буюк Британияда 1996 йилда “Шовқин тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган.
Германияда транспорт ҳаракати шовқинига қарши курашда йўллар четидаги шовқин даражасини аниқлаш ускуналаридан фаол фойдаланилади.
Францияда автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлар билан жиҳозланган. Ушбу тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақидаги хатни автоматик равишда юборади.
Ўрганиш натижасида Адлия вазирлиги мутахассислари инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган шовқинга қарши курашни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хусусан, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашишни янада пухта ва аниқ тартибга солиш; рухсат этилган шовқин даражасига аниқлик киритиш; белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратишга ҳаракат қилинмоқда.
Мазкур тавсияларни амалга киритиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ривожланган хорижий давлатлар мисолида автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилиб, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар ҳам масъул идораларга тақдим этилди.
Ушбу ташаббусларнинг имкон қадар тезкорлик билан амалга оширилиши жамият ҳаётини яхшилаш, шовқиннинг салбий таъсирига барҳам бериш, шунингдек, зарарли меҳнат шароитларига эга ишчилар ҳамда шовқин таъсири мавжуд ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳоли учун адолатли компенсация тўловлари жорий этилишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА