Шўр ювиш, яхоб сув – мўл ҳосил гарови
Бухоро вилоятида суғориладиган 276,3 минг гектар ернинг атиги 14,9 фоизи, яъни 41,2 минг гектари шўрланмаган, 85,1 фоизи ёки 235,1 минг гектари эса турли даражада шўрланган. Шундан 5,9 минг гектари кучли, 57,1 минг гектари ўртача ва 172,1 минг гектари кам шўрланган майдонларни ташкил қилади. Шунинг учун ҳар йили 88 минг гектардан ошиқроқ майдонда икки маротаба, 12 минг гектарда уч маротаба “шўр ювиш” ишлари амалга оширилади.
Мелиоратив экспедицияси томонидан “шўр ювиш”дан олдин 10 минг 500 дан ортиқ тупроқ нуқтаси ўрганилиб, шундан 3 мингдан ортиқ нуқтада назорат ўлчовлари ва кимёвий таҳлиллар амалга оширилган.

“Аму-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг ҳузуридаги мелиоратив экспедиция мутахассислари томонидан 747 километр узунликдаги магистрал, 2 минг 544 километр хўжаликлараро ва 4 минг 516 километр ички коллекторлар, 1 минг 120 километр ёпиқ–ётиқ горизонтал дренаж тармоқларида хатловлар амалга оширилган. Мелиоратив кадастр ва хатлов натижаларига кўра, 1 минг 563 километр узунликдаги коллектор ва 40 километр узунликдаги ёпиқ-дренаж тармоқлари техник ҳолати қониқарсиз бўлганлиги сабабли 2022 йилда қатор коллекторлар бўйича таъмирлаш ва тиклаш тадбирларига оид лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалий чора-тадбирлар кўрилган. Шунингдек, вилоятда 4 минг 445 километр узунликда ички коллектор тармоқлари агрокластерларга бириктирилган бўлиб, уларнинг 2 минг 300 километр узунликдаги қисмида кузги-қишки мавсумдаги тозалаш агротехник ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятда энг йирик экин майдонига эга Жондор тумани деҳқонлари жами 370 дан ортиқ фермер хўжалиги кўпсонли жамоаси томонидан умумий майдони 13 минг 659 гектар ер чуқур шудгорлашдан чиқарилди. Шу кеча-кундузда қишнинг чилла сувига қондириш, контурларни тўлдириб суғориш ишлари бошланган. Қишнинг чилла сувига қондириладиган экин майдони эса туманда 29 минг 674 гектарни ташкил этаётган бўлиб, шу кунларда маҳаллий фермер хўжаликлари мироблари томонидан бу кўрсаткич қарийб 1 минг 600 гектарга уддаланган. “Шўр ювиш” олдидан ҳар гектар майдон тупроқ унумдорлиги ўрганилгани ҳолда 5 тонна ва ундан зиёдроқ маҳаллий ўғит киритилгани ҳам келгусида юқори ҳосил олиш гарови. Табиийки, гўнг чуқур ҳайдалаётган тупроқ остига тушиб, ўзига хос дармондорига айланади.

Вилоят миқёсида жами 227 минг 606 гектар экин ери “шўрини ювиш” агротехник ишлари жадал бошланган. Ҳудудлар миқёсида олсак, бу борада Ромитан туманида 25 минг 244 гектар, Вобкент туманида 23 минг 866 гектар, Ғиждувонда 23 минг 386, Бухоро туманида 22 минг 338, Қоракўл туманида 22 минг 198, Пешкуда 21 минг 152 гектар, Шофиркон туманида 21 минг 106, Олот туманида 19 минг 198, Когон туманида 17 минг 818 гектар, Бухоро шаҳри атрофида эса 1 минг 626 гектар экин ери қишки чилла сувига қондирилмоқда.
Вилоятда жорий йил ҳосили учун ғалла парвариши жадал олиб борилмоқда. Мавжуд 60 минг 600 гектар майдонга экилган серҳосил ғалла навлари тўлиқ ундирилгани ҳолда “панжалаш” фазасида ривожлантирилмоқда.

Бу жараёнда айниқса, ер дармони саналган маҳаллий ўғитни ғалла майдонларига киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро воҳасининг шўрланишга мойил бўлган аксарият экин майдонлари учун ёш майсаларни маҳаллий ўғит билан озиқлантиришнинг аҳамияти катта. Бу борада ҳар йилгидек “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг кластер ва фермерлар билан ҳамжиҳатликдаги фаолияти натижа бермоқда. Бугунгача вилоятдаги дон корхоналари томонидан 16 минг 325 тонна маҳаллий ўғит жамғарилган бўлса, шундан “Бухородонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти саъй-ҳаракати билан 7 минг 242 тонна, “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти кучи билан тонна 6 минг 308 тонна, “Когондонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти томонидан эса 2 минг 775 тонна маҳаллий ўғит дала бошига жамғарилган.

Ҳозирги кеча кундузда дон корхоналари ташаббуси билан тузилган отрядлар, қолаверса, фермер хўжаликлари иш кўлами ҳам кун сайин кенгайтирилмоқда.
Бу борада биргина Вобкент туманини олсак, шу кунларда Халач, Қўнғирот, Хайробод, Қипчоқ, Эҳсон каби ҳудудларда белгиланган қишки агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилаётанини кўриш мумкин. Жумладан, “Хайробод”да “Хўжа” ариғини механизмлар ёрдамида қазиш ва тозалаш ишлари давом эттирилаётган бўлса, “Қўнғирот”да “Бешработ саховати”, “Сатторов Ортиқ бобо”, “Ҳамроев Акбаржон Амонович” каби фермер хўжаликларида, “Қипчоқ” ҳудудида “Кумушкент Баҳодир транс”, “Эҳсон”да “Мирзо Бадалов” фермер хўжаликларида мавжуд ғаллазорларни “шарбатлаб” суғориш, чилла сувига қондириш ишлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА