Шоир хотирасига эҳтиром кўрсатилди
Бугун халқимизнинг ардоқли ижодкори, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Шу муносабат билан Андижон вилоятида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири эрта тонгда шоир туғилиб ўсган Марҳамат тумани Қовунчи маҳалласида шоирнинг хонадонида ўтказилди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги бир гуруҳ вилоят фаоллари, ижодкорлар шоир қабрини зиёрат қилди, Қуръон тиловат қилиниб, унинг хотираси ёдга олинди.
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф майдонида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллигига бағишланган адабий, маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Муҳаммад Юсуф бюсти пойига гулчамбарлар қўйилиб, марҳум шоирга эҳтиром кўрсатилди.
Ватан –
Юрагимнинг
Олампаноҳи,
Бу дунё
Букри бир
Жийдангнинг шоҳи!
Кўзим ёши билан
Суғориб гоҳи,
Кўксимда ўстирган
Гулдай севаман.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган, шоирнинг юқоридаги каби сатрлари билан бошланган тадбирда шоир ва ёзувчилар, адабиёт мухлислари, олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари ўқитувчи, талаба ва ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.
Муҳаммад Юсуф ўз она халқининг юксак орзу-интилишлари, армонлари, эртанги кунга бўлган бўлган умид ва ишончини ўз овози, ўз сози билан жўшиб куйлаган. Айниқса, унинг ватанпарварлик, миллатсеварлик мавзусидаги шеърлари ҳар бир ўзбекнинг юрагидан мустаҳкам жой олган.
[gallery-17125]
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, адиб ва адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир шоир ҳаёти ва ижоди, айниқса, унинг юртни, юксак инсоний фазилатларни улуғловчи бетакрор сатрлари халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олганлиги, шоир шеърлари халқимиз, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди. Муҳаммад Юсуфга бағишланган шеърлар ўқилди.
– Муҳаммад Юсуфнинг серқирра ва бетакрор ижоди жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов. – Айниқса, шоир шеърлари тилининг соддалиги, оддий халқ ҳаёти, кечинмалари содда, лекин гўзал ва таъсирли сатрларда баён этилганлиги билан юртдошларимиз қалбига чуқур кириб борган. Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Юсуф ижоди, шеърияти ўзининг халқчиллиги билан ажралиб туради.
Тадбир адабиёт, шеърият байрамига айланиб кетди.
Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан шоирнинг гўзал шеърларидан намуналар ўқилди. Санъаткорларнинг шоир ҳаётидан акс эттирилган саҳна кўринишлари эса тадбирга ўзгача файз киритди.
Тадбир давомида ижодкор ва ҳаваскор ёшларнинг шоирга атаб ёзган шеърлари ўқилди, санъаткорлар томонидан шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар янгради.
– Муҳаммад Юсуф шеърларини жуда ёқтираман, кўп шеърларини ёд олганман, – дейди тадбир иштирокчиси, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиси Муҳайё Охунжонова. – Бўлиб ўтаётган тадбир нафақат шоир хотирасини ёд олиш, ижодини тарғиб қилиш, балки Ватанни севиш, ардоқлаш маъносида ҳам биз ёшларга катта маънавий ва руҳий озуқа беради.
Муҳаммад Юсуф хотирасига юксак эҳтиром сифатида таваллудининг 70 йиллигига бағишланган бу каби адабий, маданий-маърифий тадбирлар меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида, хусусан, шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида бўлиб ўтмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари