Шофирконликлар “Зукко китобхон” танловининг ғолиби
Ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал салоҳияти ва иқтидорини намойиш этиши учун имконият яратиш ҳамда китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қатор лойиҳа ва танловлар ўтказиб келинмоқда. Китобхонларнинг севимли танловига айланган “Зукко китобхон” интеллектуал танлови шулардан бири.
Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида ҳар ойда бир маротаба ўтказилиб келинаётган “Зукко китобхон” танловининг жорий йил апрель ойи ҳудудий босқичи якунланди.
– Танловда иштирок этиш учун @kitobxontestbot телеграмм бот орқали саралаш босқичларида қатнашиш керак бўлади, – дейди Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов. – Саралаш босқичларида юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар туман ва шаҳарлар миқёсида жамоа бўлган тарзда (жами 13 та жамоа) иштирок этди.
[gallery-17304]
Танлов натижаларига кўра, Когон тумани жамоасига учинчи ўрин, Бухоро тумани жамоасига иккинчи ўрин насиб этди. Шофиркон тумани жамоаси эса биринчи ўринни эгаллади.
– Лойиҳа жуда ҳам зўр ишлаб чиқилган, – дейди Шофиркон тумани жамоаси аъзоси Севара Илҳомова. – Кучли жамоалар жуда ҳам кўп. Ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Чунки, барчага аёнки, китоб ўқиган инсон албатта барча мақсадларига эришади. Буни бугунги ёшлар тушуниб етган.
Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, мусобақада фаол иштирок этган иштирокчилар тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари