Шофирконлик ёшларга томорқа ерлар ажратилмоқда
Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги чандирлик Бекзод Исмоилов оиланинг ягона боқувчиси бўлгани боис, бир неча йилдирки, Россияда ишлаб келади. Оиласи бағрига қайтган Бекзод яқинлари бағрида, ўз юртида меҳнат қилиб даромад топиш истагида томорқа ери олиб, унда ишлаш истагини билдирганди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг, Бекзод ҳам бу имкониятдан бебаҳра қолмади. Аукцион савдосида ғолиб бўлиб, 12 сотих ерни ўз тасарруфига олди.

Мазкур масалада туман ҳокими Алишер Файзуллаев бошчилигидаги мутасаддилар Чандир ва Хорин маҳаллаларида бўлди. Ёшларга ер майдони ажратиб бериш жараёни ташкиллаштирилди.
–Чет элда мигрант бўлиб юргандан кўра, юртимизда меҳнат қилиб оиламни боқаман, –дейди Бекзод Исмоилов. –Ўзимнинг юртимда Президентимиз томонидан барча имкониятлар яратилган. Шу имкониятлардан тўлиқ фойдаланаман. Менга берилган унумдор ерга деҳқончилик қиламан. Рўзғорим учун керакли барча сабзавотларни экаман. Ортиқчасини бозорга олиб чиқиб сотаман ва даромад оламан.

Ҳудуддаги “Алпомиш” фермер хўжалигидан 2,6 гектар ер майдони туман захирасига қайтарилгани ҳолда маҳаллада яшовчи 21 нафар эҳтиёжманд оиланинг меҳнатга лаёқатли фарзандларига 10-12 сотихдан тақсимлаб берилди. Эндиликда мазкур ерда рўзғор учун зарур картошка, пиёз, булғор қалампири, бақлажон, помидор, бодринг, лавлаги, ошқовоқ каби сабзавот, полиз маҳсулотлари, қолаверса, ловия, мош каби дуккакли экинлар экиб етиштириш ва ҳар бир оиланинг ўз эҳтиёжига яраша даромад топиш имконияти яратилмоқда.
Хоринлик ёшлар ҳам давлатимиз раҳбарининг эртамиз эгаларига кўрсатаётган ғамхўрлиги, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш йўлидаги ташаббус ва ғамхўрлигидан унумли фойдаланган ҳолда ўзларига берилган ер майдонида деҳқончиликни бошлади.

Жумладан, ҳудуддаги "Қодиров Қосимбобо" фермер хўжалиги тасарруфида бўлган ва ҳозир Умрзоқ Қаюмов ва унинг турмуш ўртоғи Гуланор Нутфуллаевага берилган 45 сотихли ер майдони обдон тайёрланди. Жўяк тортилиб, ловия, майдон атрофига эса қовоқ экилгани айни муддао бўлди. Меҳнаткаш оила уч ойлик меҳнатдан сўнг 20 миллион сўмдан ошириб даромад олиш, томорқа ери атрофини панжаралар билан ўраб олиб, деҳқончиликни ривожлантиришни мўлжалламоқда.
Мазкур қишлоқда шу куни туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари бошчилигида жами ўттизга яқин оилага умумий 8,4 гектар ер майдони тақсимлаб берилди. Суғориш тармоғини тартибга солиш, ерни экишга пухта тайёрлаш, сабзавот-полиз маҳсулотлари уруғларини тўғри танлаш ва мўл ҳосил етиштириш юзасидан томорқа эгаларига йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири