Шофирконда ишсиз ёшлар бандлиги таъминланмоқда
Ёшларга эътибор — бу нафақат бугунги кун вазифаси, балки мамлакатнинг эртанги тараққиётига дахлдор стратегик масаладир. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини маҳаллабай ўрганиш, бандлигини таъминлаш ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда энг муҳим ёндашув — ёшлар билан фақат ҳисобот ва рақамлар орқали эмас, балки уларнинг олдига бориб, муаммосини хонадонма-хонадон ўрганиш ва аниқ ечим топишдир. Бухоро вилояти Шофиркон туманида ташкил этилган ёшлар билан учрашувда ана шу тамойилнинг амалий натижалари муҳокама қилинди.
Тадбирда туман ҳокими М. Омонов, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Д. Йўлдошев ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, айни пайтда Шофиркон туманида 800 нафардан ортиқ ёшлар солиқ органларига бириктирилган. Солиқ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган хатлов жараёнида ҳар бир ёшнинг ижтимоий ҳолати, муаммоси, қизиқиши, таклифлари ва келгуси режалари маҳаллалар кесимида, хонадонма-хонадон ўрганиб чиқилди.
Бу каби ёндашувнинг аҳамияти шундаки, ишсиз ёшнинг муаммоси фақат “ишсиз” деган рақам билан чекланиб қолмайди. Унинг ортида касбга эҳтиёж, муносиб иш ўрни излаш, оиласига иқтисодий кўмак бериш, ўз келажагини қуриш истаги каби муҳим ҳаётий мақсадлар мужассам.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар бўйича манзилли чоралар кўрилиб, 70 нафардан ортиқ ёшнинг ишга жойлашиши ва доимий даромад манбаига эга бўлиши таъминланди.
Эътиборлиси, мулоқот жараёнида ёшларнинг таклиф ва муаммолари очиқ эшитилиб, уларни ҳал этишнинг аниқ механизмлари белгилаб олинди. Айниқса, муносиб ва доимий иш ўрни билан таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилди.

Учрашувнинг амалий аҳамияти эса мулоқотнинг сўзда қолиб кетмаганида намоён бўлди. Шу ернинг ўзида 10 нафардан ортиқ ишсиз ёшлар, шунингдек, техникум ва олий таълим муассасалари битирувчилари ўзлари истаган бўш иш ўринларига жойлашиш имконига эга бўлишди.
Бу натижа ёшлар билан ишлашда “муаммони аниқлаш — ечимини топиш — натижасини таъминлаш” тамойилининг нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Бугун мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларга касб ўргатиш, тадбиркорлик ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан манзилли ишлаш тизими изчил такомиллаштирилмоқда.
Шофиркондаги тажриба ҳам бу сиёсатнинг жойлардаги амалий ифодаси сифатида аҳамиятли. Чунки ёшларнинг муаммосини марказдан туриб эмас, маҳалла ва хонадон даражасида ўрганиш, ҳар бир ёш тақдирига алоҳида ёндашиш орқали барқарор натижага эришиш мумкин. Энг муҳими, бугун иш билан таъминланган ҳар бир ёш эртанги куннинг фаол фуқароси, оиласининг таянчи ва жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган салоҳиятли кадрдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири