“Шодлик”ка шодлик қайтмоқда
“Шодлик” маҳалласида ҳаёт изга тушмоқда.
Жорий йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омборидан сув тошиб чиқишидан Оқ олтин туманидаги Шодлик маҳалласи аҳолиси ҳам азият чеккан эди. Кўп уйлар яшашга яроқсиз бўлиб қолди, чорва нобуд бўлди.
Талофатдан жабр кўрган Сардоба, Мирзаобод ва Оқ олтин туманларига юртимизнинг барча ҳудудларидан энг яхши қурувчи ва муҳандислар жалб этилиб, уй-жойлар, йўллар, таълим ва тиббиёт муассасаларини янгидан қуриш ишлари бошланди.
Жумладан, Самарқанд вилоятидан 52 та пудрат ташкилотига Оқолтин тумани “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 160 та уй-жойни мукаммал таъмирлаш, 3 та янги қурилишни амалга ошириш вазифаси топширилди.
Бунёдкорлик ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари “Қишлоққурилишлойиҳа” лойиҳа институти вилоят филиали томонидан бажарилиб Сирдарё вилояти қурилиш бош бошқармаси томонидан экспертизадан ўтказилди.
Ўтган вақт мобайнида барча объектларда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бир лаҳза ҳам тинмай давом этди. Шу пайтгача 3000 кв. м дераза ва эшик ромлар, қарийб 33 минг квадрат метр том ёпиш ишлари бажарилиб, 16 минг квадрат метр пол ва хоналардаги шифтлар алмаштирилди. Маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, 7 километрлик йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлаклари барпо этиш давом этмоқда.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов куни кеча Оқолтинда бўлиб, вилоят қурувчиларининг ишлари билан танишди, бирин-кетин янгиланган уйларига кўчиб келаётган аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммо ва камчиликларини сўради.
– Уйимизни сув босиб, яроқсиз ҳолга келиб қолганда қачон бу ерни таъмирлаб, кўчиб келишни ўйлаб, ўйимизнинг охирига етмагандик, – дейди Шодлик маҳалласида яшовчи Холбой Нуряхшиев. – Маҳалламиздаги хонадонлар қатори бизнинг уйимизни таъмирлаш самарқандлик қурувчиларга топширилди. Қурувчилар чин дилдан ишади, хабар олиб турдик. Худога шукр, бугун ўзимизнинг янгиланган уйимизга кўчиб келдик. Бир бош сигир, уй-рўзғор жиҳозлари беришди. Давлатимиздан, самарқандлик қурувчилардан миннатдормиз.
“Шодлик” маҳалласида ҳаёт изга тушмоқда. Янги уйларда болаларнинг шўх кулгулари янграмоқда. Хонадон эгалари ҳовлини тартибга келтириш, қишга ҳозирлик ишлари билан машғул бўлмоқда.
Э.Турдимов қурилиш-ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, уйларни тезроқ ўз эгаларига топшириш, маҳалла ҳудудидаги бошқа бунёдкорликларни ҳам тез кунда якунига етказиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.




