Шижоатли аёллар ғолиблик учун баҳслашди
Жиззах шаҳри бугун эрта тонгдан яна бир эзгу ташаббусга гувоҳ бўлди. “Ёшлар шаҳарчаси” майдонида юзлаб хотин-қизлар ва ёшлар бир мақсад йўлида – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ҳаёт мезонига айлантириш ғояси атрофида жам бўлди. Велосипед ғилдиракларининг бир маромда айланиши, иштирокчиларнинг кўтаринки кайфияти ва мусобақа руҳи шаҳарда ўзига хос спорт байрами муҳитини яратди.
Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган оммавий веломарафон хотин-қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришга қаратилган навбатдаги амалий қадам бўлди.
Бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Жорий йилнинг 7 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида соғлом турмуш тарзини аввало давлат органлари ва идоралари ходимлари ўртасида кенг қарор топтириш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди. Шу асосда бошқарма ва ташкилотларда ҳафтанинг бир куни “Спорт куни” этиб белгиланиб, меҳнат жамоалари аъзоларининг жисмоний фаоллигини босқичма-босқич оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жиззах вилоятида ўтказилаётган мазкур веломарафон ҳам ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.
Мусобақада 18–60 ёш оралиғидаги 300 нафардан зиёд давлат муассасалари ходимлари, ҳаваскор қизлар ва уй бекалари иштирок этди. Учта ёш тоифаси бўйича ташкил этилган беллашувлар нафақат иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлигини, балки уларнинг иродаси, матонати ва спортга бўлган меҳрини ҳам намоён этди.
[gallery-448103]
Марафон давомида майдонни дўстона муҳит, соғлом рақобат ва ғалабага интилиш руҳи қамраб олди. Ҳар бир иштирокчи маррага биринчи бўлиб етиш учун ҳаракат қилар экан, энг катта ютуқ ғалаба эмас, балки соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни янада кучайтириш экани яққол сезилиб турди. Бу эса мусобақанинг тарбиявий аҳамиятини янада оширди.
Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Назира Мухторова ҳамда Гулчеҳра Тожибоева, “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши раиси Дилшод Мирзамуҳаммедов ва Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти кенгаши раиси Акром Раҳмонқуловлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда хотин-қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилаётган имкониятлар, оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар самараси ҳамда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр билдирдилар. Таъкидланганидек, бундай спорт тадбирлари хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётий фаоллиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш, энг муҳими, соғлом турмуш тарзини жамиятда кенг қарор топтиришга хизмат қилади.
Мусобақа якунида турли ёш тоифаларида ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар, шунингдек, фаол қатнашчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА