Шимолий Корея яна ракета учирди
Шимолий Корея ракета синовини давом эттирди, 6 октябрь куни Япония денгизи томон яна иккита қисқа масофали баллистик ракета учирилди, дея хабар берган “Yonhap” агентлиги.
Ракеталардан бири максимал 80 километр баландликда 350 километрга, иккинчиси эса максимал 60 километр баландликда 800 километр масофага учган.
Бу амалиётни Япония ҳукумати ҳам тасдиқлади.
Жанубий Корея Қуролли кучлари айни ҳатти-ҳаракатни “жиддий провокация”, деб атади ва бу “нафақат Корея ярим оролидаги тинчлик ва барқарорликка, балки халқаро ҳамжамиятга таҳдид солади”, деди.
Япония Бош вазири Фумио Кисида КХДРнинг қисқа вақт ичида қайта-қайта ракета учиришини “умуман қабул қилиб бўлмас” ҳол сифатида баҳолади.
Пхеньян 25 сентябрдан бери олти марта ракета синовини ўтказди.
Бунга жавобан, АҚШ ва Жанубий Корея 5 октябрь куни икки бор “ер-ер” ракетасини синаб кўрди.