Шифохонадаги ўғирлик қандай фош этилди?
Фурқат туманининг Кимсанобод қишлоғида яшовчи Д.Ҳожиев (исм-шарифлар шартли) шу йилнинг январь ойида оилавий келишмовчилик туфайли рафиқаси билан уришиб қолди-ю, уйидан чиқиб кетди.
Хўш, энди қаёққа бориш керак, қаердан бошпана топиш лозим?
Бу савол ҳар қандай кишининг бошини қотириб, эсанкиратиб қўйиши ҳеч гап эмас. Аммо у кўп ўйланиб ўтирмади. Бешариқ тумани марказий шифохонасига бориб, жонлантириш бўлимидаги беморларнинг яқинларига кўмаклаша бошлади. Бинобарин, ўша фуқаролар учун мўлжалланган хонада тунаб, уларнинг овқатига шерик бўлиб юраверди. Негадир бунга шифохона маъмурияти ёки бўлим масъулларининг индамагани Д.Ҳожиевга жуда қўл келди.
Шу тариқа ҳожатбарор йигит бир ой мобайнида жонлантириш бўлимида кун кечирди. Бироқ муқаддам – бундан 4 йил аввал ўғирлик жинояти учун судланган йигитни яна ўша «ҳунар»нинг хумори тутиб қолди. Собиқ ўғри айни ғараз ниятини кечаси амалга оширди.
Туманнинг Зарқайнар қишлоғида яшовчи Азиза Раҳмонованинг хўжайини Шуҳратжон Одиловнинг соғлиги ёмонлашиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига тушиб қолганди.
Бинобарин, Азизахон уйга ҳам бормай, Шуҳратжоннинг тепасида турганди. Ўша куни турмуш ўртоғи ухлагач, у ҳам ўзи сингари фуқаролар учун мўлжалланган хонага кирди-да, жемферини тахлаб столга бошини қўйди. Буни кўрган ўғри аввалига у Азизанинг тепасига оёқ учида юриб борди.
Сўнг аёлнинг жемфери тагидан пластик картасини билинтирмай олиб қўйди. А.Раҳмонова пластик картасини излашга тушди. Шифокор ва ҳамширалардан сўраб суриштирди, фойдаси бўлмади. Шунда Д.Ҳожиев ўзини билмаганга солиб, нимани қидираётганини сўради.
– Дадамнинг пластик карталарини ишлатиб тургандим. Бошимнинг тагида турганди. Эрталаб уйғонсам, жойида йўқ, – дея жавоб берди Азиза.
Бу жавобдан эса ўғри йигит «унумли» фойдаланди.
– Менга картанинг кодини айтинг. Банкка бориб, қулфлатиб келаман, ичидаги пулни ҳеч ким ечиб ололмайди.
Айёр йигитнинг асл ниятидан бехабар аёл унга пластик карта рақамини айтиб берди.
Буни қарангки, Д.Ҳожиев Бешариқ деҳқон бозорига бориб, “Paynet” шохобчаларини кўздан кечирди, номаълум аёл киши ишлаётган шохобча олдида тўхтади.
– Мана, шу картамдаги пулларни ечиб берсангиз, – деб илтимос қилди у аёлдан.
Шохобча соҳибаси ҳам унинг илтимосини дарҳол бажо келтирди. Яъни пластик карта ҳисобидаги 1.714.000 сўм маблағни ечиб, ўрнига шунча миқдордаги нақд пулни йигитнинг қўлига тутқазди.
Бироқ кўп ўтмай, уни туман ИИБ ходимлари қўлга олишди. Негаки, Азиза эрта тонгдаёқ дадаси Мансур Раҳмоновга хабар бериб қўйганди. Соат 07:30ларда эса Мансур аканинг уяли телефонига пластик картасидан «ИМР0Н-КАМР0Н» фирмаси томонидан пул ечилгани тўғрисида хабар келади. Шунга кўра М.Раҳмонов Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасининг «102» қисқа рақамига мурожаат қилганди.
Шундан сўнг Д.Ҳожиевга жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди эса судланувчини Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Фурқатжон СОБИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Бешариқ туман суди раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист