Шифохона замонавий бинода иш бошлади
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами арафасида Сирдарё вилоятидаги Асаб ва руҳий касалликлар шифохонаси қайта реконструкция қилинган, кўркам ва замонавий бинода иш бошлади.
Мазкур муассасани очилиш маросимида Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий маркази директори Зарифжон Ашуров, соҳа ходимлари, фахрий ва нуронийлар иштирок этди. Шифохона биносини қайта реконструкция ва таъмирлаш учун давлат бюджетидан қарийб 11 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилди. Таъмирлаш ишларини вилоятдаги “Чарос нур барака” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари амалга оширди.
Янги бинода консультатив поликлиника, лаборатория, 200 ўринга мўлжалланган даволаш профилактика бўлимлари мавжуд. Консультатив поликлиникага маслаҳатга келаётган аҳоли вакилларига, қолаверса, асаб ва руҳий касаллиги сабаб даволаш профилактика бўлимида даволанаётган беморлар учун барча шароит яратилган. Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев соҳа ходимлари ва фахрийлар ҳамроҳлигида шифохона биносини кўздан кечирди. Сўнгра соҳа ходимлари, қурувчилар билан учрашиб, муассаса атрофини кўкаламзорлаштириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди.
[gallery-13178]
Қайта реконструкция қилинган ва ишга туширилган янги бино Сирдарё вилояти Асаб ва руҳий касалликлар шифохонасида ишлаётган соҳа ходимлари, даволанаётган беморлар учун байрам совғаси бўлди.
Ш.Суяров,
Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА