Шифохона янги бинода иш бошлади
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги байрами арафасида Наманган вилоятида бир қатор ижтимоий-иқтисодий янги объектлар фойдаланишга топширилмоқда.
Жумладан, Мингбулоқ тумани Жомашуй шаҳарчасида жойлашган вилоят сил касалликлари шифохонаси учун янги барпо этилган бино тақдимоти ўтказилди. Мазкур шифохона 1973 йилда фаолиятини бошлаган ва ҳозирда 120 ўринда вилоят миқёсида тиббий хизмат кўрсатади. Ўтган йилнинг июнь ойидан бошланган капитал таъмирлаш ишлари жорий йил декабрь ойида якунланди.



Бугунги кунда ушбу муассасада 125 нафар ходим, шу жумладан, беш нафар врач, 57 нафар ҳамшира фаолият юритиб келмоқда. Шифохона қурилиши учун 22,6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Қолаверса, янги шифо маскани рақамли рентген, замонавий жарроҳлик ускуналари, физиотерапевтик ва лаборатория аппаратлари билан жиҳозланди. Шунингдек, шифохонага 275 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар, 210 миллион сўмлик тиббий буюмлар, 670 миллион сўмлик дори-дармонлар ва 970 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинди.


Тантанали очилиш маросимида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА