Шифокорлар бемор ҳузурига борди
Самарқанд вилоятининг олис ҳудудларидан бири ҳисобланган Қўшработ туманида аҳолига бирламчи тиббий-санитария хизматини кўрсатиш мақсадида 240 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, 100 қатновли 2 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 360 қатновга мўлжалланган 10 та қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатмоқда.
Туманда фертиль ёшидаги аёллар умумий аҳолининг 26 фоизи (34 минг нафардан ортиқ)ни ташкил этади. 0-18 ёшгача бўлганлар болалар эса 48 минг нафар (37 фоиз). Албатта, уларга бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктлари ходимлари зиммасига катта масъулият тушади. Аммо...

– Бугунги кунга қишлоқ оилавий поликлиника ва врачлик пунктларимизда 13 нафар умумумий амалиёт шифокори етишмайди, – дейди Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиев. – Шу сабабли айни пайтда Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги тиббиёт олий ўқув юртларини битираётган қўшработлик ёшларни туманимизга ишга таклиф қилиб, улар учун муносиб шароит яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, олий ўқув юртларида туманимиз учун ажратилган мақсадли қабул имкониятларидан самарали фойдаланяпмиз. Яқин йилларда тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжни тўла қондириш имкониятимиз бор. Айни пайтда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 20 нафар юқори курс талабалари ва битирувчилари, клиник ординатор ҳамда магистрлар ўз яшаш ҳудудларига бириктирилган бўлиб, аҳолини тўлиқ антропометрия хатловидан ўтказишда фаол қатнашмоқда.
Яқинда институт профессор-ўқитувчилари, невропатолог, окулист, терапевт, кардиолог, жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, болалар ортопед-травматологи, болалар жарроҳи ва УТТ мутахассисларидан иборат гуруҳ туманнинг узоқ тоғли ҳудуди ҳисобланган Пангат қишлоғда яшовчи аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. Кўрик давомида 151 нафар катта ёшдаги фуқаролар ва 338 нафар мактаб ўқувчиларининг саломатлиги назоратдан ўтказилиб, уларга зарур тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди. Жумладан, кўрикдан ўтган фуқароларнинг 22 нафари стационар, 151 нафари амбулатор даволанишга йўлланма олди. 40-умумтаълим мактабида ўтказилган тиббий кўрик натижасида 104 нафар болада турли хил касалликлар аниқланди.

Республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 27 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ҳамда аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматини тубдан яхшилаш тўғрисида”ги буйруғи талаблари асосида бугунги кунда туманда 62 та тиббий бригада ташкил этилган. Ҳар бир бригадага 2000 нафар аҳоли бириктирилиб, аҳолини хонаданма-хонадан хатловдан ўтказиш, уларнинг антропометрик ўлчовлари – бўй узунлиги, тана вазни, тана вазн индекси, бел айланаси, артериал қон босими, пульси ва сатурациясини ўлчаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар натижасида туманнинг “Саломатлик профили” шакллантирилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА