Шифокор: заҳматларим бир зумда унут бўлди
Бугун Тиббиёт ходимлари куни
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими мудири Дилором Турсунова II даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланди.
– Бугун кўплаб ҳамкасбларим сингари мен учун ҳам қувончли ва унутилмас кун бўлди, – дейди Дилором Турсунова. – Президентимиз табригини эшитиб, жуда ҳаяжонландим. Шифокорлик касбини танлаганим ҳаётимдаги энг тўғри қарор бўлганини яна бир бор ҳис қилдим. Кўз олдимдан 40 йиллик фаолиятим бирма-бир ўтди. Бу давр мобайнида заҳмат, машаққат чекишга тўғри келган пайтлар ҳам бўлди. Шифокорлик шунақа касб. Узлуксиз билим олиш, ўқиш, изланиш керак. Илм олиш эса игна билан қудуқ қазишдек гап. Демак, етук мутахассис, ўз ишининг устаси бўлиш учун ҳар бир шифокор машаққат чекишига тўғри келади.
Айниқса, пандемия даврида касбимизнинг янада муҳим ва хатарли жиҳатлари кўринди. Кўринмас ёв билан жанг қилишимизга тўғри келди. Ҳаётдан бевақт кўз юмган ҳамкасбларимиз ҳам бўлди.
Биласизми, ҳозиргидек эътибор, рағбат чеккан заҳматларингни унут қилиб юборар экан. Айниқса, давлат раҳбари томонидан алоҳида эҳтиром кўрсатилса, қайта ва қайта шу касб эгаси бўлганингга шукроналар келтирар экансан.
Тиббиётнинг энг асосий йўналишларидан бири юқумли касалликлар ҳисобланади. Касалликларнинг олдини олишда профилактика муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, давлатимиз томонидан айни мана шу йўналишга катта эътибор қаратиляпти. Даврнинг ўзи бу йўналишда янада бор куч-салоҳиятимизни ишга солишни талаб қиляпти. Ана шуларни теран ҳис қилган ҳолда халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилишда давом этамиз.
ЎзА мухбири Моҳигул Қосимова ёзиб олди.