Шифо эшик қоқади: “Саломатлик поезди” йўлда
Инсон саломатлиги — энг катта бойлик. Бироқ барча ҳудудларда ҳам малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти бирдек эмас.
Шу боис аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва тиббий ёрдамни олис манзилларга етказишда “Саломатлик поезди” каби ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади.
Чорак асрдан буён мамлакатнинг олис ҳудудларида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиб келаётган “Саломатлик” поезди 5 та махсус вагондан иборат мукаммал тизимдир. Унинг таркибида, 2 та амбулатория, 1 та флюорография, 1 та автоном дизель ва битта тиббиёт ходимлари учун дам олиш вагонлари мавжуд.
Бугунги кунда поезд энг замонавий УТТ, ЭКГ, рақамли флюорография ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. Бригада таркибидаги тажрибали терапевт, невропатолог, педиатр, гинеколог, эндокринолог, дерматолог ва стоматологлар олис овуллардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб келмоқда.
Маълумотларга кўра, 2000 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Тошкент йўловчи вагонларини таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти масъулларига тиббий поезд ғояси таклифи берилди. Қисқа фурсатда зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, шифокорлар бригадаси шакллантирилди. Шарафли карвон “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг тегишли фармойишига асосан, 2001 йил 1 июнь куни ўзининг илк қатновини бошлади.
Мазкур ташаббуснинг йўлга қўйилганлигига 25 йил бўлди. Халқ орасида “нажот карвони” номини олган поезд жамоаси ёзнинг жазирамаси ва қишнинг совуғида ҳам ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Энг муҳими бу каби ташаббуслар тиббий ёрдамга эҳтиёжманд инсонларга эътиборни кучайтириш, улар учун зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА