Шерзод Хўжаев: Ҳар бир маҳалла учун энергетика паспорти шакллантирилади
Энергетика соҳасида тизимли ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бошланмоқда. Янги ўзгаришлар электр ва газ таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Соҳада режалаштирилган янгиликлар ҳақида энергетика вазири Шерзод Хўжаев маълум қилди:
– Биз йиғилишда энергетика йўналишидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот қилдик. Ҳурматли Президентимиз томонидан бизга бир қатор топшириқлар берилди. Энг муҳим янгиликлардан бири сифатида ҳар бир маҳалланинг барча зарур маълумотларни ўзида мужассам этган энергетика паспорти шакллантирилади. Унда маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифалари, электр энергияси ва табиий газ инфратузилмасининг мавжуд ҳолати, уни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун зарур маблағ ҳамда вақт, янги истеъмолчиларни тармоққа улаш имкониятлари каби муҳим маълумотлар акс эттирилади. Агар мавжуд қувват янги истеъмолчилар эҳтиёжини қоплаш учун етарли бўлмаса, инфратузилмани қайси йўналишларда ривожлантириш ва қувватини ошириш лозимлиги ҳам аниқ белгилаб берилади.
Шу билан бирга, электр ва газ таъминоти корхоналари ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун замонавий онлайн платформалар ишга туширилиб, аҳоли ва тадбиркорларга зарур маълумотларни мобил иловалар асосида олиш имконияти яратилади. Жумладан, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақидаги тезкор ахборотларни ҳам мобил иловалар орқали етказиб бериш режалаштирилган. Шунингдек, Call-марказлар фаолияти такомиллаштирилиши кўзда тутилган.
Электр энергияси ва табиий газни етказиб беришдаги йўқотишлар ҳамда дебитор қарздорликни кескин қисқартириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бунинг учун соҳадаги ишлар доимий мониторинг қилинади, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, ходимларга кунлик вазифаларни белгилаш, уларнинг ижросини назорат қилиш, ҳисоботларни шакллантириш, мавжуд хавфларни таҳлил қилиш, узилишлар кўп кузатилаётган ҳудудларни аниқлаш ҳамда эҳтимолий носозликларни олдиндан прогноз қилиш имконини берувчи тизимлар жорий этилади. Бу эса аварияларнинг олдини олиш, зарур ҳолларда тармоқ қувватини ошириш ёки инфратузилмани модернизация қилиш бўйича қарорларни ўз вақтида қабул қилиш, ходимлар меҳнат самарадорлигини ошириш ва авариялар сонини камайтиришда муҳим ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, энергия ресурслари бозорида рақобат муҳитини кенгайтириш, суюлтирилган газнинг эркин бозорини шакллантириш, импорт жараёнларини соддалаштириш ҳамда хавфсизлик талабларини янада такомиллаштириш натижасида соҳада самарадорликни ошириш ва энергия ресурслари таннархини пасайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА