Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндорларини тақдирлашга бағишланган форум бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндорларини тақдирлашга бағишланган халқаро форуми бўлиб ўтди.
Тадбир стипендиатларни, уларнинг ота-оналарини, давлат тузилмалари, дипломатик ваколатхоналар ва ҳамкор ташкилотлар вакилларини ҳамда ёшларни бирлаштирди.
Таъкидланганидек, “Эл-юрт умиди” стипендия дастури нафақат истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, балки узоқ муддатли давлат стратегиясининг бир қисмидир. Асосий мақсад – “Ўзбекистон – 2030” стратегияси вазифаларини ҳаётга татбиқ эта оладиган ислоҳотчилар ва етакчилар авлодини тайёрлашдан иборат. Нефт ва газ даромад келтириши мумкин, бироқ айнан билимли ва интилувчи ёшлар мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлайди.
Куннинг иккинчи ярмида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2026 йил 1-очиқ стипендия танлови ғолиблари учун махсус ўқув семинари ҳам ўтказилди. Тадбир ёшларни хорижда яшаш ва ўқишга тайёрлаш, уларнинг стипендиат сифатидаги вазифа ва мажбуриятларини тушунтириш, шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишдаги ролини таъкидлашга қаратилди.
Тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, жамғарма раҳбарияти ва ходимлари, экспертлар ҳамда олдинги йилларда хорижий университетларни тамомлаган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари ўз билим ва тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ўқув семинар давомида бир қатор долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари”, “Ўзбекистон тарихи, маданияти, анъаналари, туризм ва инвестицион салоҳияти”, “Маънавий-ахлоқий тафаккур, соғлом дунёқараш, миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлат тилига эътибор”, “Халқаро этикет ва протокол, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналари билан ҳамкорлик ҳамда консуллик ҳисобида туриш” кабилар шулар жумласидандир .
[gallery-30765]
Семинар фаол сессиялар, тақдимотлар ва маҳорат дарслари шаклида ўтди.
Тадбир доирасида эртага ёшлар Олий Мажлис Сенати ва Рақамли технологиялар вазирлиги фаолияти билан танишиб, мутасаддилар билан очиқ мулоқот ўтказади. Шунингдек, ёшлар Ислом цивилизацияси марказига экскурсия давомида халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва маънавий меросини акс эттирувчи кенг қамровли кўргазмалар билан танишади. Кун якунида жадидлар ҳаётига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши ва стипендиатларнинг тақдирлаш маросими ўтказилади.
Айтиш керакки, 2025–2026 йилларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси учун учта очиқ танлов янгиланган талаблар асосида ўтказилди. Уларда очиқлик, шаффофлик, адолат ва барча учун тенг имкониятлар асосий тамойилларга айланди. Натижада 447 нафар ёшлар (332 нафари бакалавриат, 100 нафари магистратура, 15 нафари докторантура) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндорига айланди. Уларнинг 30 фоизи хотин-қизлардир.
Хусусан, 2026 йил биринчи очиқ стипендия танловида иштирок этиш учун 18 100 дан ортиқ номзод рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 1 490 нафари онлайн платформа орқали ҳужжатларини муваффақиятли юклаган. Барча босқичлар якунлари бўйича Бошқарув кенгаши қарори билан биринчи очиқ стипендия танловида 210 нафар номзод “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндори” (169 нафари бакалавриат, 39 нафари магистратура, 2 нафари докторантура) деб эътироф этилди.
Стипендиатлар 15 та давлатдаги университетлардан қабул хатларини олган. Топ-5 талик давлатлар қаторида – Буюк Британия, АҚШ, Хитой, Австралия ва Корея Республикаси борлиги диққатга сазовор.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА