Шеъриятнинг оқ ёмғири
Шеърият — инсон қалбининг энг нозик туйғулари, руҳий кечинмалари ва орзу-умидларини сўз орқали ифода этувчи санъат. У инсонни ўйлаш, ҳис қилиш, ҳаёт ва борлиққа теранроқ назар ташлашга ундайди. Шеърнинг қадри ҳам, сеҳри ҳам шунда – у қалбдаги туйғуларни сўзга кўчиради, инсонни ўзига ва ўзгаларга яқинлаштиради.
Шоир Алишер Нарзуллонинг «Оқ ёмғир» номли янги китоби ана шу нозик туйғулар, қалб кечинмалари ва сўз сеҳри ҳақида мушоҳада юритишга чорловчи шеърий тўплам.
Алишер Нарзулло ўз китобида шеъриятни инсоннинг ички дунёси, кўнгил кечинмалари ва сўзга бўлган муносабати билан боғлайди. Унинг китобхонга мурожаатида шеърни ҳис этиш, сўзнинг маъносини англаш ва бадиий каломга эҳтиром билан қараш ғояси устувор. Муаллиф шеъриятни шунчаки сўзлар тизими эмас, балки инсон қалбини бойитувчи, уни фикрлашга ва туйғуларини англашга ундайдиган маънавий олам сифатида талқин этади.
Китобнинг «Оқ ёмғир» деб номланиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Оқ ёмғир образи кишида поклик, мусаффолик ва руҳий янгиланиш туйғуларини уйғотади. Шеърият ҳам гўё ана шундай ёмғир каби инсон қалбига ёғилиб, ундаги туйғуларни уйғотади, фикрларига тиниқлик бағишлайди.

Муаллиф китобхонни шеърият оламига чорлар экан, сўзнинг қадри ва уни ҳис этишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратади. Бу ҳақда китобда шундай фикрлар келтирилган:
«Шеър — кўнгил кулбасини безаб тургувчи ранглар жилосига ўхшайди. Бу ранглар оламини энг худбин одам ҳам чин дилдан истаса, кўра олиши мумкин. Кўра олмаслик эса... Яхшиси, ният. Ният қилинг. Йўлга бир ўзингиз, ёлғиз чиқасиз. Манзилга сўздан таралаётган нурли йўл олиб боради. Сиздан сўраладигани — қалбингизда сеҳрли каломга бўлган озроқ эҳтиром бўлса, бас...»
Ушбу сатрларда шеъриятни англаш, сўзнинг таъсирини ҳис этиш ва китобхоннинг маънавий олами ҳақидаги мушоҳадалар ифодаланган. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон шеърни ўз дунёқараши, ҳаётий тажрибаси ва қалб кечинмалари асосида қабул қилади. Бир ўқувчига оддий туюлган мисра бошқа бир инсоннинг қалбида чуқур из қолдириши мумкин. Зеро, шеъриятнинг таъсири, аввало, унинг самимияти ва китобхон туйғулари билан уйғунлигида намоён бўлади.
«Оқ ёмғир» китобида илгари сурилган фикрлар китобхонни шошилмасдан мутолаа қилиш, сўзларга эътибор билан қараш, шеър ортидаги маъно ва туйғуларни англашга ундайди. Чунки шеърият фақат қофия ва вазндан иборат эмас. Унинг замирида инсон қалби, ҳаёт ҳақидаги ўйлар, соғинч, умид ва изтироб каби кечинмалар мужассам бўлади.
Алишер Нарзулло китобхонни шеъриятни ҳис этишга, сўз орқали инсон қалбининг рангин манзараларини кашф қилишга таклиф этади.
Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Адабиёт» нашриётида чоп этилган. Масъул муҳаррир – Шоди Отамурод. Моҳир ижодкор, шоир ва публицист Алишер Нарзулло - Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. «Рангин олам», «Яшил дарахтлар», «Болаликнинг сўнгги куни» сингари китоблар муаллифи.
Муаллифнинг янги шеърий китоби адабиёт мухлислари учун ҳақиқий туҳфа бўлиши аниқ.
Н.Усмонова,
ЎзА