Ўзбекистон санъати "MAMF-2026" халқаро фестивали саҳнасида
Кейинги йилларда миллий маданиятимизга қаратилаётган эътибор ўзбек санъатини жаҳон миқёсида кенгроқ намойиш этиш имконини бермоқда. Корея Республикасининг Чангвон шаҳрида XXI Маданий хилма-хиллик фестивали доирасида Ўзбекистоннинг махсус маданий дастури тақдим этилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси вакиллари, фестиваль ташкилотчилари, Кореянинг давлат ва жамоат арбоблари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Дастур давомида «Тумор» рақс ансамбли ва Жиззах вилояти филармониясининг «Наво» ансамбли ўз дастурларини тақдим этди.

Бу эса томошабинларга миллий маданиятимизнинг бойлиги ва ўзига хослигини ҳис этиш имконини яратди. Миллий рақслар, мақом ва анъанавий мусиқа уйғунлигидаги чиқишлар аудиторияда катта қизиқиш уйғотиб, тадбирга ўзига хос файз бағишлади.


Ўзбекистоннинг “MAMF-2026” фестивалида фахрий меҳмон мамлакат сифатида иштирок этиши миллий маданиятимизни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова,
ЎзА