Шеъриятга айланган Она сиймоси
Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган “Шеъриятга айланган Она сиймоси” мавзусидаги маданий-маърифий тадбир Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима у Худойбердиева хотирасини ёд этиш, унинг маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилди.
Тадбир “Китобхон оналар куни” доирасида ўтказилгани унга янада теран маъно бағишлади. Зеро, китобга меҳр ҳам, маънавиятга интилиш ҳам, аввало, она бағридан бошланади. Боланинг қўлига илк китоб тутқазадиган, уни эзгуликка, фикрлашга ва маърифатга чорлайдиган инсон ҳам онадир. Шу маънода, Ҳалима Худойбердиева ижоди она ва маънавият тушунчаларини бир-биридан ажралмас қадрият сифатида талқин этади.

Тадбирда республикадаги барча ахборот-кутубхона марказлари Зоом платформаси орқали онлайн иштирок этди. Бу эса шоира ижодига бўлган қизиқиш ва эҳтиром нафақат Сирдарёда, балки бутун мамлакат миқёсида юксак эканини яна бир бор намоён қилди.

Маълумки, Ҳалима Худойбердиева Боёвут туманида оддий деҳқон оиласида дунёга келган. Унинг юрагидаги шеъриятга муҳаббат, миллат ва инсон тақдирига дахлдорлик туйғуси уни халқнинг севимли шоираси даражасига олиб чиқди. Шоира миллат дарди, аёл қалбининг кечинмалари, инсон маънавиятининг оғриқли нуқталарини сўз орқали жамиятга етказа олди.

Шоира Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти ва “Ўзбекистон халқ шоири” каби юксак унвонларга сазовор бўлган. Агар у бугун ҳаёт бўлганида, 79 ёшни қарши олган бўлар эди. Аммо ҳақиқий ижодкорлар умри йиллар билан эмас, халқ қалбида қолдирган маънавий изи билан ўлчанади. Ҳалима Худойбердиева ҳам ана шундай мангу яшайдиган ижодкорлар сирасига киради.

Тадбирни Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси вакили Шоира Шукурова очиб берди. У ўз нутқида китобхонлик муҳитини шакллантиришда, айниқса, оилаларда маънавий тарбияни кучайтиришда оналарнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун инсон тафаккури турли ахборотлар таъсирида қолган бир даврда китоб қалбни асрайдиган, инсонни маънан бойитадиган энг ишончли манба бўлиб қолмоқда. Айниқса, шеърият инсон руҳиятини тарбиялайди, уни эзгуликка етаклайди. Шу маънода, Ҳалима Худойбердиева шеърлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Тадбирда қатнашган шоиранинг синглиси, педагог-олима Раҳима Худойбердиеванинг самимий хотиралари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. У Ҳалима Худойбердиеванинг нафақат истеъдодли шоира, балки жасоратли публицист бўлганини ҳам алоҳида таъкидлашди. Айниқса, унинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” тўпламига кирган мақолаларида миллат маънавияти, инсон қалби, ижтимоий муаммолар ва замон дардлари ҳақида куюнчаклик билан фикр юритилгани бугун ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Ҳалима Худойбердиева ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, у ўзбек адабиёти хазинасини ўнлаб шеърий ва насрий асарлар билан бойитди. “Илк муҳаббат”, “Оқ олмалар”, “Чаман”, “Суянч тоғларим”, “Иссиқ қор”, “Садоқат”, “Муқаддас аёл”, “Ҳурлик ўти”, “Тўмариснинг айтгани” каби асарлари нафақат бадиий юксаклиги, балки ҳаётий ҳақиқатни теран акс эттириши билан ҳам қадрлидир.
Шоира ҳаёти ва ижодини абадийлаштириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сирдарё вилоятида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Она тили ва адабиёт фанларини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мазкур таълим даргоҳи бугун маънавият ва ижод масканига айланган.
Мактабнинг меъморий қиёфаси лайлак шаклини эслатувчи тарзда барпо этилгани ҳам рамзий маъно касб этади. Зеро, лайлак — эзгулик, соғинч ва поклик тимсоли. Бу ерда ташкил этилган музей, адабий кечалар ва ижодий учрашувлар ёшларни миллий адабиётга янада яқинлаштирмоқда. Ана шундай муҳитда тарбияланаётган ёшлар орасидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Зулайҳо Мингбоева каби иқтидорли ўқувчилар етишиб чиқмоқда.
Тадбир давомида ижод мактаби ўқувчилари томонидан шоира шеърларининг юракдан ўқилиши, куй-қўшиқлар ва маданий чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.. Айниқса, она ҳақидаги шеърларнинг ифодали ижроси иштирокчилар қалбида ҳаяжонли туйғулар уйғотди.
Сирдарё вилояти Маданият бошқармаси хонандаси Ҳусан Кучмуродов ижросидаги куй-қўшиқлар кечага байрамона руҳ бағишлади. Сирдарё вилояти Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Дилором Исмадиёрова эса китобхонликни тарғиб қилиш, айниқса, ёш оналар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш бугунги кундаги муҳим маънавий вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Шунингдек, Ширин шаҳри ва Сардоба туманидаги ахборот-кутубхона марказлари ходимлари ҳам шоира ижодидан намуналар келтиришиб, тадбирнинг мазмунан бой ва таъсирчан ўтишига муносиб ҳисса қўшдилар.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири